Валюта курслари 25/11/2024
$1 – 12829.07
UZS – -0.12%
€1 – 13344.80
UZS – -1.21%
₽1 – 124.91
UZS – -1.92%
Қидириш
Иқтисод 03/03/2017 Кўчмас мулклар билан боғлиқ битимларни нотариал тасдиқлаш тартиби соддалаштирилди
Кўчмас мулклар билан боғлиқ битимларни нотариал тасдиқлаш тартиби соддалаштирилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Давлат нотариал идоралари фаолиятида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш ва аҳолига кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 27 февралдаги 106-сон “Битимларни нотариал тасдиқлаш тартибини идоралараро электрон ҳамкорликни қўллаган ҳолда такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг нотариал ҳаракатларни амалга ошириш билан боғлиқ жараёнларни автоматлаштириш, кўчмас мулк ва автомототранспорт воситаларини бошқа шахсга ўтказиш тақиқланганлиги ёки хатланганлиги бўйича ягона маълумотлар базасини шакллантириш, шунингдек нотариал ҳаракатларни амалга оширишда идоралараро электрон ҳамкорлик йўли билан давлат хизматлари кўрсатишни назарда тутувчи “Нотариус” автоматлаштирилган ахборот тизимини амалга киритиш ҳақидаги таклифига розилик берилди.

Шунингдек, мазкур қарор билан Кўчмас мулкни олди-сотди, айирбошлаш ва ҳадя қилиш битимларини идоралараро электрон ҳамкорликни қўллаган ҳолда нотариал тасдиқлаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Давлат нотариал идоралари нотариуслари томонидан идоралараро электрон ҳамкорликни қўллаган ҳолда кўчмас мулкнинг олди-сотди, айирбошлаш ва ҳадя қилиш битимларини тасдиқлаш:

Тошкент шаҳрида – 2017 йил 1 июлдан бошлаб;

Ўзбекистон Республикасининг барча ҳудудида – 2018 йил 1 июлдан бошлаб амалга оширилиши белгиланди.

Қайд этиш лозимки, қонун ҳужжатларига мувофиқ кўчмас мулкларнинг олди-сотди, айирбошлаш ва ҳадя қилиш битимларини нотариал тасдиқлашда жисмоний ва юридик шахслар солиқлар, коммунал хизматлар ва электр энергиядан қарздорлик йўқлиги ҳақидаги маълумотномаларни, шунингдек, кадастр хизматининг бино ва иншоотларнинг тегишлилиги ҳақидаги маълумотларни тақдим этиши лозим. Ушбу маълумотларни йиғиш учун турли ташкилотларга борган ҳолда фуқаролар кўп вақт сарфлайди. Бунда ушбу маълумотномаларни олиш учун коммунал хизмат кўрсатувчи ва бошқа ташкилотларга шахсни тасдиқловчи ҳужжат, кўчмас мулкка бўлган мулк ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат, уй ҳужжатидан кўчирма, квартира ичидаги иссиқлик таъминоти тизимининг текшириш далолатномаси ва бошқа шу кабилар тақдим этилиши лозим.

Ҳукуматнинг мазкур қарори билан солиқлар, коммунал хизматлар ва электр энергия бўйича қарздорлик йўқлиги, бино ва иншоотларнинг тегишлилиги ҳақидаги маълумотларни фуқаролар томонидан қоғоз кўринишида йиғиш амалиётига чек қўйилди. Бунинг ўрнига эса ушбу маълумотларни нотариуслар идоралараро электрон ҳамкорлик тизими орқали аниқ вақт режимида мустақил олиши белгиланди.

Бундан ташқари, Адлия вазирлиги ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигига нотариал ҳаракатларни амалга оширганлик учун тўланадиган давлат божи ва бошқа тўловларни электрон тарзда амалга ошириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш, жисмоний ва юридик шахслар томонидан Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали битимлар лойиҳаларини тайёрлаш, нотариал ҳаракатлар ҳақида тушунтиришлар олиш ва нотариус қабулига олдиндан ёзилиш учун мурожаат қилиш механизми жорий қилиш каби топшириқлар берилди, деб хабар беради Адлия вазирлиги Ахборот хизмати.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг