Валюта курслари 22/11/2024
$1 – 12844.21
UZS – -0.09%
€1 – 13508.26
UZS – -0.46%
₽1 – 127.35
UZS – -0.63%
Қидириш
Технологиялар 23/02/2017 Ким Нам Сок Ўзбекистондаги ўз фаолиятини якунлади
Ким Нам Сок Ўзбекистондаги ўз фаолиятини якунлади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Ўзбекистон билан меҳнат шартномаси муддати тугаганлиги муносабати билан, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирининг ўринбосари -- АКТ бўйича маслаҳатчи Ким Нам Сок юртимиздаги фаолиятига якун ясади.

Шу муносабат билан, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигида марказий аппарат ходимлари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президентининг 2012 йил 19-21 сентябрь кунлари Корея Республикасига амалга оширган ташрифи давомида ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида икки томонлама ҳамкорлик қилиш бўйича имзолаган битимларни амалга ошириш мақсадида, жаноб Ким Нам Сок 2013 йилда юртимиздаги фаолиятини бошлаган эди.

Йиғилишда қайд этилганидек, жаноб Ким Нам Сок ўзининг самарали меҳнати фаолияти даврида мамлакатимизда электрон ҳукумат тизими ҳамда ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш бўйича салмоқли ишларни амалга оширди.

Жумладан, кореялик мутахассис Корея Республикасининг электрон ҳукумат ва АКТни жадал ривожлантириш бўйича муваффақиятли тажрибасини ўзлаштириш асосида ишлаб чиқилган “2013-2020 йилларда Ўзбекистон Республикасининг Миллий ахборот-коммуникация тизимини ривожлантиришнинг комплекс дастури”ни шакллантиришда фаол иштирок этган, бу йўналишда қатор соҳаларга оид стандарт ва таснифлагичларни, истиқболда Республика саноатида дастурий таъминот маҳсулотларини кенг жорий қилиш ва иқтисодиётнинг реал секторига АКТни жорий қилиш юзасидан таклиф-тавсияларни ишлаб чиққан.

Шунингдек, жаноб Ким Нам Сок Ўзбекистон Республикасининг барча ҳудудларида бўлиб, давлат органлари раҳбарлари ва маҳаллий бошқарув органлари масъул ходимлари учун ўқув семинарлари ўтказди.

Унинг таклиф-тавсиялари асосида мамлакатимизда "Электрон ҳукумат" тизимини ривожлантириш ҳамда Ахборот хавфсизлигини таъминлаш марказлари фаолияти йўлга қўйилди. Кореялик эксперт марказлар таркибий тузилмасини шакллантириш, бирламчи вазифаларидан тортиб, уларнинг ривожланиш йўналишларини ишлаб чиқишда ҳам фаол қатнашди.

Ким Нам Сок электрон ҳукумат ва иқтисодиётнинг реал сектори учун ахборот тизимлари ва дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи «ЛГ CНС Узбекистан» ўзбек-корейс қўшма корхонасининг ташкил этилишида ҳам жонбозлик кўрсатган.

Умуман олганда, Ким Нам Сок Ўзбекистон Республикаси ва Корея Республикаси ўртасида АКТ соҳасидаги яқиндан ҳамкорликнинг янги босқичга кўтарилишида, Корея тажрибаси асосида Ўзбекистон ИТ бозорини ривожлантиришда муҳим рол ўйнади.

Ким Нам Сок 2016 йилда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонига кўра «Меҳнат шуҳрати» ордени билан тақдирланган.

Тадбирда Ким Нам Сок Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовга, Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматига Ўзбекистонда самарали меҳнат қилиши учун яратиб берилган қулай шарт-шароитларга чуқур миннатдорчилик билдирди.

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги жаноб Ким Нам Сокка мамлакатда электрон ҳукумат ва ахборот-коммуникация технологиялари соҳаси ривожига қўшган улкан ҳиссаси учун миннатдорчилик билдиради.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг