Валюта курслари 28/11/2024
$1 – 12848.38
UZS – 0.22%
€1 – 13512.64
UZS – 0.31%
₽1 – 120.07
UZS – -1.79%
Қидириш
Ўзбекистон 20/04/2023 Картошкачиликни ривожлантириш чоралари белгиланди
Картошкачиликни ривожлантириш чоралари белгиланди

Президент Шавкат Мирзиёев картошкачиликни ривожлантиришга қаратилган режа ва таклифлар тақдимоти билан танишди.

Бугунги кунда мамлакатимизда картошкага бўлган талаб қарийб 4 миллион тоннани ташкил этади. Шунинг 80 фоиздан зиёди юртимизда етиштирилиб, қолган қисми импорт ҳисобидан тўлдирилмоқда.

Сабаби – соҳада бир қанча муаммолар бор. Масалан, бугунги кунда 253 минг гектарда картошка экилаётган бўлса, ўртача ҳосилдорлик 163 центнерни ташкил этмоқда. Чет эллардагига қараганда бу жуда паст кўрсаткич.

Яна бир катта муаммо уруғчилик билан боғлиқ. Аҳоли ва деҳқончилик хўжаликлари элита ва R1 уруғлик ўрнига импорт қилинган ёки маҳаллий сифатсиз картошка экмоқда. Юқори ҳосилли уруғлик картошка етиштириш учун экин ерлари ва иссиқхоналар, уларни сақлаш учун омборхоналар етарли эмас. Ҳосилдорликнинг камайишига сабаб бўлувчи вирус ва бактерияли касалликларни текширадиган лабораториялар йўқ.

Йиғилишда ушбу долзарб масалаларни ҳал этиш, картошкачилик ва унинг уруғчилигини ривожлантириш бўйича таклифлар муҳокама қилинди.

Бугунги кунда миллий генофондда 250 хил картошка нави мавжуд бўлиб, 4 та корхона ва илмий-тадқиқот институтлари томонидан 27 та навдан миллий уруғ яратиш бўйича ишлар бошланган.

Улардан бири Самарқанддаги Ўзбекистон – Корея қўшма корхонасидир. Унинг имкониятларини кенгайтириш мақсадида биринчи босқичда Булунғур, Тойлоқ ва Самарқанд туманларидан 500 гектар, иккинчи босқичда Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ, Жиззах вилоятининг Бахмал ва Зомин, Қашқадарё вилоятининг Китоб ва Шаҳрисабз туманларидан 2 минг гектар ер ажратиш мўлжалланмоқда.

Уруғчиликни ривожлантириш учун Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институтида 4 гектарлик, Самарқанддаги “Green Korea аgro Invest” корхонасида 1 гектарлик иссиқхона ва совутгичли омборхоналар қуриш режалаштирилган. Бу лойиҳалар Жаҳон банки маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади ва “in vitro” усулида картошка уруғини етиштиришнинг тўлиқ цикли йўлга қўйилади.

Шунингдек, Тошкент давлат аграр университетининг Самарқанд филиалида “илм – таълим – ишлаб чиқариш” тамойили бўйича Картошка уруғчилиги маркази ташкил этилади. Картошканинг яширин вирус касалликлари ва сифат кўрсаткичларини аниқлаш бўйича 4 миллион долларлик лаборатория ишга туширилади.

Шу каби чора-тадбирларни амалга ошириш натижасида 2025 йилдан картошка уруғчилигига бўлган ички талаб тўлиқ таъминланиши қайд этилди.

Давлатимиз раҳбари бу таклифларни маъқуллаб, уруғлик картошка етиштириш ҳажмини ошириш ва сифатини кафолатлаш бўйича кўрсатмалар берди.

Қишлоқ хўжалиги вазирлигига 500 тонна элита картошка уруғларини 1 минг 700 та аҳоли томорқаларига бепул тарқатиш, картошка етиштирувчиларга имтиёзли маблағлар ажратиш вазифаси қўйилди.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг