Картошка етиштириш давлат томонидан қўллаб-қувватланади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — “Республикада картошка етиштиришни кўпайтириш ва уруғчилигини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори (269-сон, 08.09.2025 й.) қабул қилинди.
Қарорга кўра, республикада картошка етиштиришни кўпайтириш ва уруғчилигини ривожлантиришнинг асосий мақсадли кўрсаткичлари этиб қуйидагилар белгиланди:
2028 йилдан ҳар йили унувчанлик даражаси 85% дан паст бўлмаган камида 10 млн дона картошканинг мини-туганакларини етказиб бериш;
2030 йилга бориб республикада картошканинг ўртача ҳосилдорлигини 16–17 тоннадан 25–30 тоннага ошириш.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳар йили 1 декабргача кейинги йилда етиштириладиган картошканинг “in-vitro” ўсимликлари, микро ва мини-туганакларининг ҳажмлари бўйича илмий муассасалар ва тадбиркорларга буюртма беради.
2026 йил 1 январдан Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан тижорат банклари орқали картошка етиштириш харажатларини молиялаштириш учун ҳосил қийматининг 50% игача йиллик 12% ставкада 6 ойлик имтиёзли давр билан 12 ой муддатга суғурта полиси асосида кредитлар ажратилади.
Шунингдек, 2026 йил 1 январдан картошка етиштирувчилар томонидан қуёш панеллари ўрнатиш харажатларининг 50 фоизигача, бироқ 50 млн сўмдан ортиқ бўлмаган қисми Давлат бюджетидан қоплаб берилади.