Валюта курслари 27/11/2024
$1 – 12820.47
UZS – 0.04%
€1 – 13470.47
UZS – 0.21%
₽1 – 122.26
UZS – -1.0%
Қидириш
Ўзбекистон 13/05/2023 Камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш чора-тадбирлари тақдимот қилинди
Камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш чора-тадбирлари тақдимот қилинди

Камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш чора-тадбирлари тақдимот қилинди

Президент Шавкат Мирзиёев аҳолининг турмуш шароитлари, бунёдкорлик ишлари билан танишиш мақсадида Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур туманига ташриф буюрди.

Давлатимиз раҳбари дастлаб Самарқанд дарвоза маҳалласида барпо этилган касбга йўналтириш марказида бўлди. Бу ерда ёшлар ва аёлларга савдо, маркетинг, молия, ахборот технологиялари соҳаларидаги замонавий касблар ўргатилади. Кейинчалик уларнинг юқори даромадли иш топишига ҳам кўмаклашилади. Марказ атрофи ободонлаштирилган, ишкомлар ўрнатилиб, токлар экилган.

Шу ерда камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш чора-тадбирлари тақдимот қилинди. 10 май куни шу масала бўйича ўтказилган йиғилишда салоҳиятли тадбиркорларни янги иш ўринлари яратишга рағбатлантириш таклифи билдирилган эди.

Масалан, Шайхонтоҳур туманида 51 та маҳалла бор. Салоҳияти юқори тадбиркорлар 100 дан зиёд. Шартнома асосида уларга маҳаллалардаги ишсизлар бириктирилмоқда. Унга кўра, давлат шароит яратади, тадбиркорлар аҳолини касбга ўқитиб, иш билан таъминлайди.

- Бу икки томонлама манфаатли, - деди Шавкат Мирзиёев. - Ҳозир кўп тадбиркорлар фаолиятини кенгайтирмоқчи, ҳаммага малакали ишчи керак. Мақсадимиз - корхоналар амалий мономарказга айланиб, соҳага мутахассис тайёрласин. Бунинг учун давлат инфратузилма, молия, солиқ бўйича енгилликлар беради. Иш ўринлари кўпайгани, аҳолининг харид қобилияти ошгани ҳисобидан бу пул пировардида иқтисодиётга қайтиб тушади. Энг муҳими, бу амалиёт ёшлар учун фақат иш ўрганиш эмас, ҳаёт мактаби бўлади.

Тақдимотда Шайхонтоҳурнинг туризм салоҳиятини ишга солиш бўйича таклифлар ҳам кўриб чиқилди. Пойтахт туманлари ҳокимлари Жанубий Корея, Сингапур каби давлатлар тажрибасини ўрганиши зарурлиги таъкидланди.

Давлатимиз раҳбари ушбу марказдаги спорт-соғломлаштириш мажмуасини ҳам кириб кўрди. Унда ёпиқ сув ҳавзаси ва спорт зали мавжуд.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг