Валюта курслари 02/10/2024
$1 – 12739.99
UZS – 0.19%
€1 – 14256.05
UZS – 0.46%
₽1 – 136.83
UZS – -0.12%
Қидириш
Ўзбекистон 13/02/2019 Жорий йилнинг октябрь ойида Ўзбекистон делегацияси Тбилисидаги Буюк ипак йўли форумида иштирок этади
Жорий йилнинг октябрь ойида Ўзбекистон делегацияси Тбилисидаги Буюк ипак йўли форумида иштирок этади

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазири ўринбосари Бадриддин Абидов Грузия Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Александр Хвтисиашвили билан учрашди.

Грузия ва Ўзбекистон ташқи ташқи сиёсий идоралари ўртасидаги сиёсий маслаҳатлашувларнинг 11-раунди доирасида икки томонлама савдо-иқтисодий, инвестициявий ҳамда туризм соҳасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболларининг долзарб масалалари бўйича ўзбек-грузин музокаралари бўлиб ўтди.

Суҳбат давомида томонлар 2018 йилда мамлакатлар ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажмининг ўсмаганлиги, хусусан, пахта толасини етказиб бериш ҳажмининг камайиши ҳисобига экспортнинг пасайиши кузатилганини таъкидладилар.

Шу билан бирга, ўзаро манфаатли ҳамкорлик, жумладан, Грузия иштирокидаги воситачилик савдосини ривожлантириш бўйича ва эркин савдо зонасида (Хитой, Гонконг, Туркия, МДҲ давлатлари) бир қатор ривожланган давлатлар учун улкан салоҳият мавжудлиги айтиб ўтилди.

“Ҳозирги вақтда Грузияда транспорт инфратузилмаси, хусусан, аеропортлар, йўлларни қуриш ва қайта таъмирлаш бўйича ишлар жадаллик билан ривожланмоқда. Биринчи чуқур сув портини қуриш лойиҳаси бугунги кунда қўшни мамлакатларга юк тушириш ва тўхтаб туришга имкон берадиган катта кемаларга йўл очади, – деди Александр Хвтисиашвили, – Шу билан бирга, асосий порт Европа ва Осиё мамлакатларига юкларни ташиш учун кенг транзит имкониятларини яратади”.

Грузия томони Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар билан қизиқиб бораётганини ва иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишга, шу жумладан, мамлактимизнинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишига ўз ҳиссасини қўшишга тайёр эканини таъкидлади.

Ўз навбатида, ўзбек томони қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг кластерли тизимига ўтиш ҳақида маълумот берди ва Грузияни Ўзбекистонда виночилик, пахтачилик, боғдорчилик каби янги лойиҳаларни амалга оширишда фаол иштирок этишга чорлади.

Томонлар кун тартибидаги масалалар юзасидан, хусусан, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш йўли билан қишлоқ хўжалиги, туризм, гидроенергетика, транспорт, енгил саноат ва фармацевтика соҳаларидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилган ҳолда, икки мамлакатнинг тўқимачилик ва тикувчилик корхоналари иштирокида бизнес-форум ташкил этишни таклиф этишди, шунингдек, жорий йилнинг октябрь ойида Тбилисидаги Буюк ипак йўли форумида ўзбек вакилларининг иштирокини таъминлашни келишиб олдилар.

Манбаа: Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги телеграм канали.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг