Валюта курслари 20/09/2024
$1 – 12724.84
UZS – -0.12%
€1 – 14223.83
UZS – 0.23%
₽1 – 137.11
UZS – -1.46%
Қидириш
Молия 17/07/2020 Жорий йилнинг I ярим йиллигида ички валюта бозоридаги операцияларнинг умумий ҳажми 8,2 млрд. АҚШ долларини ташкил этди
Жорий йилнинг I ярим йиллигида ички валюта бозоридаги операцияларнинг умумий ҳажми 8,2 млрд. АҚШ долларини ташкил этди

Жорий йилнинг I ярим йиллигида ички валюта бозоридаги операцияларнинг умумий ҳажми 8,2 млрд. АҚШ долларини ташкил этиб, 2018 ва 2019 йилларнинг тегишли даврларига нисбатан мос равишда 1,8 ва 1,2 баробарга ўсди.

Юридик шахслар томонидан чет эл валютасига бўлган талаб 2020 йилнинг дастлабки 6 ойлигида ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 7 фоизга ўсиб, 6,5 млрд. АҚШ долларини ташкил этди (2019 йил январь-июнь ойлари - 6,1 млрд. АҚШ долл.).

Мазкур даврда, биржадан ташқари валюта бозорида хўжалик субъектлари томонидан 1,6 млрд. АҚШ доллари миқдорида чет эл валютаси сотиб олиниб, валюта биржасидаги операциялар ҳажми эса 4,9 млрд. АҚШ долларини ташкил этди.

Валюта бозорида чет эл валютасини сотиб олиш мақсадлари таркибида асосий улуш (63 фоиз) ишлаб чиқариш учун асбоб-ускуналар, товарлар ва хомашё импорти, 21 фоизи – халқ истеъмоли товарлари ва дори-дармон маҳсулотлари импорти, 13 фоизи – хорижий кредитларни сўндириш, қолган 3 фоизи – бошқа мақсадлар учун харид қилинган.

Ҳисобот даврида жисмоний шахслар томонидан валюта айирбошлаш шохобчалари орқали сотилган чет эл валютаси миқдори 2,2 млрд. АҚШ долларини ташкил этиб, аввалги йилнинг мос даврига нисбатан 1,6 баробар (797 млн. АҚШ долларига) ошди.

 

         Шу билан бирга, жисмоний шахслар томонидан 1,7 млрд. АҚШ доллари сотиб олиниб, ушбу кўрсаткич ўтган йилнинг мос нисбатан 3,1 баробар ўсди.

 

         Жорий йилнинг январь-июнь ойлари давомида халқаро пул ўтказмалари орқали республикага келиб тушган валюта маблағлари ҳажми 2,4 млрд. АҚШ долларини ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 160 млн. АҚШ долларига камайди. Бунда жорий йилнинг июнь ойида пул ўтказмалари ҳажми май ойига нисбатан 27 фоизга ўсиб, 621 млн. АҚШ долларни ташкил этди.

2020 йилнинг I ярим йиллигида ички валюта бозорида хорижий валютадаги умумий таклиф ҳажми (Марказий банк интервенцияларини ҳисобга олмаган ҳолда) 4,3 млрд. АҚШ долларини ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 4 фоизга камайди.

 

         Ҳисобот даврида хўжалик юритувчи субъектлар томонидан 2,7 млрд. АҚШ доллари сотилган бўлиб, ушбу кўрсаткич 2019 йилнинг мос даврига нисбатан деярли ўзгаришсиз қолди (2,8 млрд. АҚШ доллари).

Ҳисобот даврида Марказий банкнинг валюта интервенциялари олтин-валюта заҳираларининг нейтраллиги принципига асосланган ҳолда амалга оширилди. Жорий йил бошидан Марказий банк томонидан ички валюта бозорига 2,2 млрд. АҚШ доллари ҳажмида интервенция амалга оширилиб, мазкур даврда маҳаллий ишлаб чиқарувчилардан сотиб олинган монетар олтин ҳажми доирасида бўлди.

2020 йилнинг январь-июнь ойларида импортни молиялаштириш манбалари таркибида ички валюта бозорида сотиб олинган маблағлар (конвертация) улуши 58 фоизни, хорижий валютадаги ўз маблағлари ҳисобига импортни молиялаштириш улуши 21 фоизни ташкил этди. 2019 йилнинг тегишли даврида ушбу кўрсаткичлар мос равишда 50 ва 23 фоизга тенг бўлган.

Жорий йилнинг I ярим йиллигида миллий валютанинг алмашув курси динамикаси ички валюта бозоридаги талаб ва таклифнинг фундаментал факторлари ҳамда ташқи омиллар таъсирида шаклланди.

 

          Хусусан, ҳисобот йили бошидан миллий валюта курси 7,2 фоизга, июнь ойида эса 0,4 фоизга қадрсизланди.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг