Валюта курслари 22/11/2024
$1 – 12844.21
UZS – -0.09%
€1 – 13508.26
UZS – -0.46%
₽1 – 127.35
UZS – -0.63%
Қидириш
Туризм 15/04/2019 Жорий йилнинг биринчи чорагида мамлакатимизга 1,4 млн. сайёҳ ташриф буюрди
Joriy yilning birinchi choragida mamlakatimizga 1,4 mln. sayyoh tashrif buyurdi

Ташкент, Узбекистан (UzDaily.uz) – 15 апрел куни Тошкент шаҳрида Б2Б форматидаги «Tashkent Travel Mart» тадбири бўлиб ўтди. Унда БАА, Швейцария, Италия, Греция, Грузия, Россия ва бошқа мамлакатларнинг туризм саноати вакиллари иштирок этишди.

Тадбир Ўзбекистон Республикаси Хусусий сайёҳлик ташкилотлари уюшмаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Ташқи ишлар вазирлиги, «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК ҳамда «Профи.Травел» бош ахборот ҳамкори қўллаб-қувватлаши остида ўтказилиб, Б2Б учрашувларда хорижий ва маҳаллий туроператорлар, меҳмонхоналар, авиакомпаниялар, автомобил ижараси билан шуғулланувчи компаниялар вакиллари қатнашишди.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов тадбирни очиб берар экан, шундай дейди:

“Бугунги тадбир шуниси билан аҳамиятлики, бундай форматдаги тадбир биринчи марта Хусусий сайёҳлик ташкилотлари уюшмаси (ХСТУ) ташкилотчилиги остида ўтмоқда. Одатда, бундай тадбирлар давлат ташкилотлари этакчилигида ўтказилар эди, бугун эса бизнинг сайёҳлик ташкилотларимиз ўз ўринларини мустаҳкамлаб, янги ташаббуслар билан чиқишмоқда.

Ҳозирда Ўзбекистонда туризм соҳаси фаол ривожланмоқда: 2017 йилда Ўзбекистонга ташриф буюрган хорижий фуқаролар сони 2,7 миллион кишини ташкил қилган бўлса, 2018 йилда уларнинг умумий сони 5,4 миллионга яқинлашди. Жорий йилнинг биринчи чорагидаёқ, яъни, одатда, сайёҳлар оқими кам мавсум ҳисобланувчи даврда Ўзбекистонга келган хориж фуқаролари сони миллион нафарга этди”.

Бош вазир ўринбосари, мамлакатда туризмнинг кўплаб йўналишлари ривожланаётган бугунги кунда хорижий меҳмонларнинг Ўзбекистонда ўзлари учун яхши ҳамкорларни топиб, ўз бизнесларини янада ривожлантиришларига умид билдирди ҳамда Ўзбекистон ҳукумати бу борада уларнинг саъй-ҳаракатлари ва ташаббусларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёр эканини таъкидлади.

Шунингдек, тадбирда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Абдулазиз Аккулов, Хусусий сайёҳлик ташкилотлари уюшмаси раиси Гулчеҳра Исроилова ва туризм соҳасининг бошқа бир қатор вакиллари ҳам қатнашиб, хорижий ҳамкорлар билан музокаралар олиб боришди.

«Tashkent Travel Mart» дунёнинг турли давлатлари туристик ташкилотлари вакиллари ўртасида ҳамкорлик ўрнатиш ва алоқаларни янада ривожлантириш учун мўлжалланган замонавий платформадир. Тадбир формати бир кунда туризм саноатининг кўплаб вакиллари билан танишиш, янги сайёҳлик компаниялари ва тақдим этилаётган хизматлар ҳақида маълумотлар олиш имконини беради. Мутахассисларнинг таъкидлашича, «Tashkent Travel Mart»  лойиҳаси Ўзбекистонда туризмни ривожлантиришга қўшимча туртки беради.

Манба: Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг