“Жонли контейнер” орқали заргарлик буюмларини олиб киришга уринган фуқаро фош этилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Божхона қўмитаси Шахсий хавфсизлик бошқармаси ходимлари томонидан олинган тезкор маълумот асосида «Навоий» чегара божхона пост ходимлари билан ҳамкорликда пост орқали юртимизга кириб келган фуқаро божхона назоратидан ўтаётганда шубҳали ҳаракатлари сабабли шахсий кўрикдан ўтказилди.
Кўрик давомида унинг ички жинсий аъзоларида оғирлиги 314 грамм бўлган заргарлик буюмлари яширилгани аниқланди. Ашёвий далил сифатида олинган мазкур тилла тақинчоқларнинг жами қиймати 316 млн сўмни ташкил этмоқда.
Ҳозирда ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда.
Амалдаги тартибга кўра, жисмоний шахслар божхона чегараси орқали божхона тўловларисиз, йўловчи божхона декларациясида кўрсатган ҳолда, умумий оғирлиги 65 граммдан ошмаган қимматбаҳо металл ва тошлардан тайёрланган заргарлик буюмларини олиб кириши мумкин.