Ташкент, Узбекистан (UzDaily.uz) – International Aerospace Committee ва “Рақамли ишонч” Жамғармаси ўртасида меморандум имзоланди. Бу ҳақда лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.
Томонлар Ўзбекистон да Авиация, Коинот, Энергетика ва ер ресурслари соҳасида юқори технологияли лойиҳаларга инвестицияларни жалб этиш бўйича биргаликда ишларни олиб бориш тўғрисида келишиб олдилар.
Меморандум доирасида биринчи лойиҳаларидан бири — Швейсариянинг Tudor Tech технологияларини трансфери бўлиши мумкин. Tudor Tech — хавфсизликни назорат қилишнинг тезкор ва ишончли усули ҳисобланган самолетлар ва транспортнинг бошқа турларини рентген билан сканер қилувчи ускуналарни ишлаб чиқарувчи жаҳонда биринчи ва ягона компаниядир.
Технология портловчи моддалар, қурол-яроғ, гиёҳванд моддалар ва нақд пулларни ноқонуний ўтказиш ҳолларини аниқлаш бўйича самарали восита ҳисобланади ва келтириб ўтилган таҳдидларни 100% аниқлашнинг имконини беради.
Ўтказилган учрашув доирасида Жиззах вилоятида сканерларни ишлаб чиқаришга мўлжалланган корхона барпо этиш бўйича қўшма қарор қабул қилинди. Ишлаб чиқаралидиган сканерлар нафақат Ўзбекистон, балки бутун Осиёда аэропортларнинг хавфсизлигини таъминлайдилар.
Мазкур лойиҳани амалга оширишда International Aerospace Committee компанияси “Рақамли ишонч” Жамғармасига Швейцариядан инвестицияларни тўлиқ миқдорда жалб этиш бўйича ёрдам кўрсатади.
Манба: Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги матбуот хизмати.