Валюта курслари 22/11/2024
$1 – 12844.21
UZS – -0.09%
€1 – 13508.26
UZS – -0.46%
₽1 – 127.35
UZS – -0.63%
Қидириш
Дунё 01/11/2016 Жeнeвада Ўзбeкистон прeзидeнти сайловига тайёргарликнинг бориши юқори баҳоланди
Жeнeвада Ўзбeкистон прeзидeнти сайловига тайёргарликнинг бориши юқори баҳоланди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Женевадаги бўлинмасида жорий йил 4-декабрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига бағишланган брифинг ўтказилди.

Мамлакатимизнинг Женевадаги БМТнинг бўлинмаси ва бошқа халқаро ташкилотлардаги доимий ваколатхонаси томонидан ташкил этилган тадбирда қатор йирик халқаро ташкилотлар, дипломатик корпус, ижтимоий, академик ва эксперт доиралар вакиллари ҳамда 4-декабрь куни овоз бериш жараёнида кузатувчи сифатида иштирок этувчи швейцариялик халқаро кузатувчилар қатнашдилар.

Брифингда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитасининг раиси Акмал Саидов маъруза қилди. Маърузачи мамлакатимизда сиёсий, суд-ҳуқуқ ва ижтимоий-иқтисодий соҳаларда кенг-кўламли ва босқичма-босқич олиб борилаётган ислоҳотлар, сиёсий модернизациялашув, ҳуқуқий, дунёвий, демократик давлат ва адолатли жамият барпо этишнинг барқарор жараёнлари ҳақида батафсил маълумот берди.

Хусусан, Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган сайловларда очиқлик ва шаффофликни таъминлашга, овоз бериш жараёнини ижтимоий тенглик тамойиллари асосида ташкил этиш, шунингдек, ушбу сиёсий муҳим тадбирга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга кенг жамоатчилик, фуқаролик жамияти институтлари, нодавлат-нотижорат ташкилотлар ва оммавий ахборот воситаларини жалб қилиш орқали фуқароларнинг сиёсий фаоллигини ошириш масаласига катта аҳамият берилаётгани таъкидланди.

Тадбир меҳмонларининг асосий эътибори ушбу сайловларнинг бутунлай янги омили - Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини кузатиш учун ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқи бўйича Бюроси кузатувчиларнинг тўлақонли миссиясини юбориши тўғрисидаги қарорига қаратилди.

Брифинг чоғида, шунингдек, Ўзбекистоннинг Ислом Ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашига раислигидаги асосий мақсадлар ва истиқболлари ҳамда Ташкилотнинг Тошкентда бўлиб ўтган сессиясида Ўзбекистон томонидан илгари сурилган аниқ ташаббус ва таклифлар ҳақида тўхтаб ўтилди.

Брифинг қатнашчилари Ўзбекистоннинг биринчи Президенти Ислом Каримов томонидан мустақилликнинг илк йилларида ишлаб чиқилган концепция - ўтган йиллар давомида қонун устуворлиги асосида барпо этилган очиқ ва барқарор сиёсий тизим натижасида эришилган мамлакат фуқароларнинг турмуши ва фаровонлигини ошириш, аҳолининг сиёсий, иқтисодий ҳуқуқларини ҳимоя қилинишини таъминлаш борасида амалга оширилган чора-тадбирларни юксак баҳоладилар.

Ўтказилган брифингнинг ўзаро фикр алмашиш ҳамда Ўзбекистоннинг сиёсий, иқтисодий ва демократик тараққиётини намойиш этиш учун қулай давра бўлганини таъкидлар экан, Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) бош директорининг махсус маслаҳатчиси Кари Тапиола, Ташкилотнинг бир қатор Конвенцияларининг қоидаларини амалга оширишда мамлакатимизнинг эришган ютуқларига юқори баҳо берди. К.Тапиола ХМТнинг бирлашмалар эркинлиги ва касаба уюшмаларига бирлашиш ҳуқуқини ҳимоя қилиш тўғрисидаги 87-сонли Конвенцияси Ўзбекистонда шу йил 25-октябрь куни ратификация қилинганини олқишлади.

Ўз навбатида, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Европа ва Марказий Осиё бўлими раҳбари Хулан Седев хоним Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ соҳасида шакллантирилган янги концепция жиддий эътиборга ва намуна сифатида ўрганишга муносибдир, зеро бунинг натижасида мамлакатда прокуратура, ички ишлар органлари ва адвокатура соҳаларининг такомиллашишига, ўлим жазосининг бекор қилиниши, ярашув институтининг жорий этилиши, ҳибсга олиш бўйича санкция бериш ҳуқуқининг судларга ўтказилиши, уй қамоғининг жорий этилишига эришилди, дея таъкидлади.

БМТнинг Европа иқтисодий комиссияси ижрочи котиби ўринбосари Алексей Васильевнинг таъкидлашига кўра, Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатда тадбиркорлик ва инвестиция муҳитини яхшилаш, кичик ва ўрта бизнесга қўшимча қулай шароитлар яратиш борасидаги ташаббуслари яқин келажакда сезиларли даражада ижобий самара беради.

Женева Дипломатик доираси президенти Роберт Блюм, “Ўзбекистондаги йиллар давомида синалган ва сўнгги йилларда яққол намоён бўлган сиёсий ва иқтисодий барқарорлик мамлакатингизда ўз фаолиятини кенгайтиришдан манфаатдор бўлган хорижий компаниялар учун асосий омил бўлмоқда”, дея таъкидлади.

- Иқтисодиёт соҳасидаги сўнгги ташаббуслар ва мавжуд қонунчилик ҳужжатлари мамлакат барқарор тараққиётининг кафолати бўлиб хизмат қилади ҳамда давлат ва бизнес ҳамкорлигининг очиқ ва шаффофлигини таъминлашга ёрдам беради, - деб ўз мулоҳазаларини якунлади Р.Блюм.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг