ЖЧ: Ўзбекистонлик боксчилар ишончли ғалабаларга эришмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон терма жамоаси Ливерпулда бўлиб ўтаётган бокс бўйича жаҳон чемпионатида ишонч билан иштирок этишни давом этмоқда.
Феруза Казакова чорак финалга йўл олди. Боксчимиз -51 кг вазнда бўлиб ўтган баҳсда бразилиялик Каролине Де Алмеидани 5:0 ҳисобида мағлуб этди.
-60 кг вазнда бўлиб ўтган баҳсда, Ситора Турдибекова италиялик Ребекка Николига ҳеч қандай имкон қолдирмади. 5:0.
Миразизбек Мирзаҳалилов -55 кг вазнда бўлиб ўтган баҳсда, эронлик Меҳди Каземини қийинчисиликсиз мағлуб этди.
Жавоҳир Умматалиев ҳам чорак финалда! Боксчимиз -80 кг вазнда бўлиб ўтган баҳсда, Жанубий Корейлик Ким Минсеонгдан 5:0 ҳисобида устун келди. Энди Жавоҳир чорак финалда қозоғистонлик Нурбек Оралбайга қарши жанг ўтказади.
Сабина Бобоқулова ҳам чорак финалга йўл олди. Боксчимиз бу йўлда -48 кг вазнда польшалик Ангелика Кристофорскага имкон қолдирмади.
Ғалаба ва ярим финал! Азиза Зокирова -70 кг вазнда ярим финалга йўл олди. Боксчимиз чорак финалда германиялик Леоние Муеллерни 5:0 ҳисобида мағлуб этди. Азиза бу билан медални нақд қилди.
Шодиёржон Мелиқўзиевдан ажойиб ғалаба. Боксчимиз -50 кг вазн тоифасида бўлиб ўтган баҳсда, австралиялик Омер Изазни 5:0 ҳисобида мағлуб этди. Шодиёр жанг давомида рақибини нокдаунга ҳам туширди.
Асадхўжа Мўйдинхўжаев ҳам ярим финал учун баҳс олиб боради. Боксчимиз бугунги ўз учрашувида, -65 кг вазнда финляндиялик Исмаил Умарни қийинчиликсиз мағлуб этди. 5:0. Унга энди, чорак финалда 10 сентябр куни қозоғистонлик Эртуған Зейнулинов рақиблик қилади.