Валюта курслари 27/09/2024
$1 – 12736.48
UZS – -0.17%
€1 – 14193.53
UZS – -0.52%
₽1 – 137.60
UZS – -0.33%
Қидириш
Ўзбекистон 22/08/2017 IUTнинг бир гуруҳ талабалари Кореядаги Инҳа университетининг Ёзги мактабида иштирок этдилар
IUTнинг бир гуруҳ талабалари Кореядаги Инҳа университетининг Ёзги мактабида иштирок этдилар
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Тошкент шаҳридаги Инҳа университетининг (IUT) бир гуруҳ талабалари 17 июлдан 4 августга қадар Корея Республикасидаги Инҳа университети Ёзги мактабида иштирок этдилар.

Ибрат Обидов, Ниғматжон Анваров, Тўлқинжон Исоқов, Малика Жўраева, Жамолиддинхўжа Одилхўжаев, Достонхон Озодхўжаев, Илҳом Раҳимов, Абдул Жамол Салим, Ирода Ўлмасбоева ва Дархонбек Маматалиевлар Корея Республикасидаги Инҳа университетининг Ёзги мактабида бепул иштирок этдилар.

Қайд этамиз, Ёзги мактабнинг 10 нафаридан 9 нафари 2017 йилнинг февраль-апрель ойларида университетда ўтказилган ички танловларда ғолиб чиқишди. Дархонбек Маматалиев Тошкент шаҳридаги Инҳа университетидаги фаол иштироки ҳамда CodeCraft курсининг ривожланишига қўшган ҳиссаси учун Кореядаги Ёзги мактабда иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди. Шу билан бирга, беш нафар IUT талабалари эса Ёзги мактабда ўзлари иштирок этдилар.

Ўзбекистонлик талабалардан ташқари Корея Республикасидаги Инҳа университетида Индонезия, Буюк Британия, Малайзия, Франция, Германия, Хитой, Италия, Россия, Қозоғистон ва бошқа мамлакат вакиллари иштирок этдилар.

Ирода Ўлмасбоева шундай деди: “Ёзги мактабда 16 та мамлакатдан зиёд талабалар иштирок этганлиги туфайли, биз нафакат Жанубий Корея, балки Хитой, Индонезия, Малайзия, Франция ва бошқа мамлакатлар маданияти билан танишиш имконига эга бўлдик”.

“Улар билан дўстлашганимиздан сўнг эса, уларнинг урф-одатлари ҳақида маълумот олдик. Ёзги мактаб якунларига кўра, биз эсдалик совғалари ва электрон манзилларимиз билан алмашдик, ҳозирда улар билан доимий алоқада бўлиб турибмиз”.

IUT талабалари ташриф давомида Корея Республикасидаги Инҳа университети кампуси ва талабаларга яратилган шароитлар билан танишдилар.

Ёзги мактабда талабалар “Корейс тили”, “Сиёсат ва Шарқий Осиёнинг халқаро муносабатлари”, “Корея ва унинг маданияти”, “Кореяда бизнес ва иқтисодиёт”, “Келажакнинг янги технологиялари” ва бошқа шу каби курсларда иштирок этдилар.

Достонхон Озодхўжаев шундай деди: «Корея Республикасидаги Инҳа университети Ёзги мактабида биз Корея маданияти ва урф-одатлари билан танишиш билан бирга, бизнинг асосий соҳамиз бўлган ахборот технологиялари янгиликлари билан ҳам танишдик».

“Уч ҳафта давомида биз “Modern Technologies for the Future” курсларида иштирок этдик. Курс давомида биз ахборот технологиялари оламидан янги нарсаларни ўргандик ва турли соҳаларга оид инновациялар билан танишдик. Аминманки, биз эгаллаган тажриба келажакдаги фаолиятимизда акс қотади”, - қўшимча қилди у.

“Курс давомида биз нафақат маърузалар тингладик, балки турли лабораторияларга ташриф буюрдик ва у ерда Корея Республикасидаги Инҳа университети муҳандислари амалга ошираётган лойиҳалар билан танишдик”, - деди Озодхўжаев.

“Шу билан бирга, биз корейс тили курсларида иштирок этдик ва корейс тилида ўқиш ва ёзишни ўргандик. Менга Ёзги мактаб жуда ёқди ва мен ўзим учун янги нарсаларни билиб олдим”, - деди IUT талабаси.

Ўзбекистонлик ёшлар ёзги мактаб давомида бир неча лабораторияларда, жумладан 3D принтинг ва сувни қайта ишлаш лабораторияларида бўлдилар ва уларнинг фаолияти билан танишдилар.

“Менга биз борган лабораториялар жуда ёқди. Бизга 3D принтерларни ва уларнинг ишлашларини намойиш этдилар, жумладан оддий полимерлардан санъат маҳсулотларини ишлаб чиқаришни. 3D принтер учун деярли ҳеч нарса керак эмас – интернетдан керакли нусҳани кўчирасиз ва чоп этиш тугмасини босасиз, холос. Мен шундай 3D принтер уйимда бўлишини истар эдим”, - деди Жамолиддинхўжа Одилхўжаев.

Талабалар шу билан бирга Кореянинг маданияти ва диққатга сазовор жойлари билан танишдилар. Жумладан, улар Канхвадо ороли, Йонъиндаги Everland парки, Lotte World Tower, Тондэмун тарих ва маданият парки, Инчхон марказий парки ва бошқа диққатга сазовор жойларда бўлдилар. Шу билан бирга, Hyundai кемасида Ара каналида сайр қилдилар.

IUT талабалари Нанта-шоу дастурини ҳам томоша қилдилар. Нанта-шоу – комик, мусиқий ва кулинар номойишдир. Унда сўзлар йўқ ва Кореянинг Самульнори анъанавий ритмларига асосланган. Ушбу шоу туристлар орасида анча машҳурдир.

Малика Жураева шундай деди: “Ёзги мактаб бизга катта тажриба орттириш имконини яратди. Дарслардан ташқари биз мамлакатнинг тарихий обидаларига ташриф буюрдик. Менга Кванмён ғорига ташриф жуда ҳам ёқди. Кванмён ғори Кореядаги энг яхши мавзувий парки бўлиб, у Жанубий Корея маданий меросини намойш этади. Бу ерда “Ғор лорди” аждари ҳайкали ўрнатилган. Ушбу ҳайкал Жанубий Кореядаги энг йиригидир (узунлиги – 41 метр ва оғирлиги – 800 кг)”.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг