2017 йилнинг 30 май куни мазкур ҳужжатни IUT Ректори Сарвар Бабаходжаев ҳамда “UZINFOCOM” Маркази директори Ҳусан Исаевлар имзолашди.
Меморандум доирасида томонлар ахборот технологиялари соҳасидаги корхоналар учун кадрларни тайёрлаш, IT бозори эҳтиёжларини қондиришга қаратилган дастурларни амалга ошириш борасида ҳамкорлик ўрнатишни режалаштиришмоқда.
Жумладан, томонлар ахборот технологиялари тармоғининг ҳар томонлама ривожланишига кўмаклашадиган инновацион ишланмалар ва сервислар соҳасида турли танлов ва бошқа тадбирларни ташкиллаштириш орқали ҳамкорликдаги ташаббусларни йўлга қўйиш имкониятларини кўриб чиқадилар.
IUT ва “UZINFOCOM” Маркази университет талабаларининг амалий кўникмаларини мустаҳкамлашга қаратилган технологик стартапларни қўллаб-қувватлашади ҳамда IT-технологияларнинг ривожланиш соҳасидаги тадбирларни ҳамкорликда ўтказишади.
Томонлар дастурий маҳсулотларни ишлаб чиқиш, тадбиқ этиш ва қўллаб-қувватлаш, кейинчалик янада такомиллаштириш бўйича Марказ ташкил этишни режалаштиришмоқда. Мазкур Марказ ўз фаолиятини IUT ҳудудида олиб боради ҳамда Ўзбекистон Республикасидаги IT-саноатини ривожлантириш ва тарғиб этишга йўналтирилган лойиҳаларни амалга оширишга IUT талабаларини жалб этади.
Марказ шунингдек, IUT талабалари ҳамда “UZINFOCOM” Маркази мутахассисларидан ташкил топган жамоа томонидан амалга ошириладиган лойиҳалар орқали талабаларга амалий кўникмаларини мустаҳкамлаш учун имконият тақдим этади.
Меморандум доирасида IUT талабалари “UZINFOCOM” Марказида малака ошириш ҳамда амалий билим олиш имконига эга бўлишади. Шунингдек, IUT ва “UZINFOCOM” Маркази республика ҳамда халқаро грантлар дастурида ҳамкорликда иштирок этиб, тижорат лойиҳаларини амалга оширишади.