Валюта курслари 20/09/2024
$1 – 12724.84
UZS – -0.12%
€1 – 14223.83
UZS – 0.23%
₽1 – 137.11
UZS – -1.46%
Қидириш
Ўзбекистон 30/09/2016 IUT талабалари ва “Ажойиб математика” фестивали кўнгиллилари Чеджуда ўтказилган математика фестивали қатнашишди
IUT талабалари ва “Ажойиб математика” фестивали кўнгиллилари Чеджуда ўтказилган математика фестивали қатнашишди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Тошкент шаҳридаги Инҳа университети(IUT)нинг талабалари Жанубий Кореянинг Чеджу вилоятида ўтказилган математика фестивалида Ўзбекистон вакили сифатида иштирок этишди.

IUT талабалари Муҳриддин Исмоилов ва Улуғбек Абдуллаевлар фестивалда “Ўзбекистонда математика маданияти” (Math Culture of Uzbekistan) номли махсус стенд билан қатнашишди. Мазкур стенд ўтган ўқув йилида IUTда дарс берган профессор Парк Жинам томонидан тайёрланган эди.

Профессор Парк Жинам Ўзбекистоннинг математика соҳасидаги бой меросининг катта мухлиси ҳисобланади. Ўзбекистонда ишлаган даврида у архитектура бинолари ва уларнинг қурилиш услубларини диққат билан ўрганди. Мазкур биноларни қурган ва безатган усталар турли математик ва геометрик шакллардан фойдаланишган. Шунингдек, профессор Парк 2016-йилнинг январь ойида катта муваффақият билан ўтказилган “Ажойиб математика” фестивалининг ташаббускорларидан бири эди.

Қайд этиб ўтиш керакки, Муҳриддин Исмоилов ва Улуғбек Абдуллаевлар ўқишдаги аъло баҳолари ҳамда “Ажойиб математика” фестивалида кўнгиллилар сифатида қатнашиб, Чеджу вилоятида ташкил этиладиган тадбирда иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритишган эди.

IUT талабалари Ўзбекистондаги тарихий ва замонавий биноларнинг суратларини тайёрлашди. Шунингдек, биноларнинг тарихи ва геометрик шакллар тўғрисида маълумотлар тақдим этилди.

Улуғбек Абдуллаев қайд этди: “Фестиваль юқори савияда ўтди. Унда турли мавзуларни қамраб олган кўпгина стендлар тақдим этилди. Бизнинг стенд барчада катта қизиқиш уйғотди, буни стендимиз олдида тўпланган мухлислардан ҳам билиб олса бўлардик. Уларнинг орасида ўқитувчи ва профессорлар, талабалар, кўнгиллилар, математика ишқибозлари ва бошқалар бор эди. Улар стендимизда тақдим этилган Ўзбекистоннинг маданий меросига катта қизиқиш билдиришди”.

“Мазкур фестивалда қатнашганим жудаям фойдали бўлди. Бу ерда янги инсонлар билан танишдим ва кўпгина дўстлар орттирдим. Шунингдек, математика бўйича ўз билимимни, муомала маданиятимни яхшилаб, дунёқарашимни кенгайтириб олдим. Мана шундай ихтирочилик ва ижодкорлик фестивалида қатнашиш имкониятини яратиб бергани учун IUTга ўз миннатдорчилигимни билдираман”, - деди Абдуллаев.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг