2017 йилнинг 3 июнь куни Тошкент шаҳридаги Инҳа университетида “Ҳафта стартапи” туман босқичи танлови бўлиб ўтди. “Ҳафта стартапи” танлови Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг ташаббуси бўлиб, Ўзбекистон Марказий банки ҳамда Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туман ҳокимиятининг қўллаб-қувватлашида ўтказилди.
Танловда 1,3 минг нафарга яқин касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар ва олий ўқув юртининг битирувчилари иштирок этишди. Улар 100 дан ортиқ компания, тижорат банклари ва бошқа ташкилотларнинг вакилларига ўз стартапларининг тақдимотини ўтказишди.
Тақдимот якунларига кўра, танловнинг ҳакамлар ҳайъати еттита лойиҳа муаллифларини танлаб олди ва улар ўз ғояларини амалга оширишлари учун тижорат банкларидан кредит олишди.
Қайд этиш лозимки, ғолиблар орасида Тошкент шаҳридаги Инҳа университетининг икки нафар талабаси ҳам бор эди.
IUT талабаси Ниғматжон Анваров ишлаб чиқарувчилар ва сотувчилар ўртасидаги ўзаро алоқа жараёнини автоматлаштириш бўйича лойиҳани тақдим этди. У ўз лойиҳасини молиялаштириш учун «Ипотека банк» АТИБнинг кредитини қўлга киритди.
IUT нинг яна бир талабаси Дилмурод Мадраҳимов ўзининг стартап лойиҳасини амалга ошириш учун «Капиталбанк» АТБнинг кредитини қўлга киритди.
“Ҳафта стартапи” Мирзо Улуғбек туман босқичи танловининг ғолибларига танлов ҳомийларининг совринлари топширилди.
Тошкент шаҳридаги Инҳа университети Ректори Сарвар Бабаходжаев қайд этди: «Мен талабаларимизни бундай натижани қўлга киритганлари билан табриклайман. Уларнинг бу ютуқлари нафақат бизнинг талабаларимизга, балки бошқа олий ўқув юртларининг талабаларига ҳам ўрнак бўлишга арзийди. Ҳозир биз инновациялар ва янги технологиялар оламида яшаяпмиз. Бизнинг ёшларимиз инсонлар ҳаётини енгиллаштиришга қаратилган янгилликларни ихтиро қилишлари ҳамда шу билан АКТ соҳасининг ва умуман Ўзбекистон иқтисодиётининг ривожланишига ўз ҳиссаларини қўшишлари керак».