Истанбулдаги Ўзбекистон фуқароларига оммавий намойишлардан йироқ юриш тавсия этилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Истанбул шаҳридаги оммавий норозилик намойишлари муносабати билан мамлакат фуқароларига мурожаат қилди.
ТИВ маълум қилишича, Туркия ҳукумати 11 сентябрга қадар шаҳарнинг олти туманида, жумладан Ўзбекистон Бош консуллиги жойлашган Бешиктош туманида ҳам, оммавий тадбирлар ўтказишни вақтинча тақиқлади. Шунингдек, айрим хорижий мессенжерлардан фойдаланиш чекланган.
Фуқароларга одамлар тўпланадиган жойлардан узоқ туриш, норозилик намойишлари ўтаётган ҳудудларга яқинлашмаслик ва маҳаллий қоидалар ҳамда тартибларга қатъий риоя қилиш тавсия этилмоқда.
Фавқулодда ҳолатларда фуқаролар Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консуллигига қуйидаги телефон рақами орқали мурожаат қилишлари мумкин: +90 (212) 909 08 04.
«Фуқароларимизни ҳаёт ва соғлиқ учун эҳтимолий хавфларнинг олдини олиш мақсадида оширилган эҳтиёткорликни сақлашга ва хавфсизлик чораларига қатъий амал қилишга чақирамиз», — дея таъкидлади ТИВ.