Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йилнинг 22-ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов Миср Араб Республикасининг Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Тамер Фатҳи Абдуссалом Ҳаммад билан учрашди.
Суҳбат чоғида Ўзбекистон билан Миср ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг бугунги ҳолати муҳокама қилинди, товар айирбошлаш ҳажмини ошириш бўйича навбатдаги чора-тадбирлар белгилаб олинди ва кун тартибидаги бошқа долзарб масалалар ҳам кўриб чиқилди.
Икки томонлама ҳамкорлик изчил ортиб бораётгани таъкидланди. 2023-йилда экспорт асосан тўқимачилик, фарматсевтика, электротехника маҳсулотлари, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва хизматлари етказиб бериш ҳисобига 110 фоизга ошди.
Миср компаниялари билан ҳамкорликда озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш, геология-қидирув ва ичимлик суви тизимини такомиллаштириш бўйича қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда. Ўзбекистонда Миср капитали иштирокида 15 та корхона фаолият юритмоқда.
Музокаралар якунлари бўйича томонлар рақамли иқтисодиёт, тўқимачилик саноати, транспорт-логистика, фарматсевтика, машинасозлик, тоғ-кон ва фитосанитария каби соҳаларда ҳамкорлик ҳажмини ошириш мақсадида икки мамлакат ишбилармон доиралари вакиллари ўртасида давра суҳбатлари ўтказишга, шунингдек, яқин орада Ҳукуматлараро қўшма комиссия йиғилишини ташкил этишга келишиб олдилар.