Валюта курслари 13/11/2024
$1 – 12793.38
UZS – -0.08%
€1 – 13595.52
UZS – -0.6%
₽1 – 130.73
UZS – 0.07%
Қидириш
Иқтисод 16/10/2024 «Иссиқлик электр станциялари» АЖ: 9 ойлик инвестициялар

«Иссиқлик электр станциялари» АЖ: 9 ойлик инвестициялар

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Айни пайтда «Иссиқлик электр станциялари» АЖ томонидан умумий қиймати 3,2 млрд. АҚШ долларга тенг бўлган жами 11 та йирик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириб келинмоқда.

11 та йирик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш натижасида мамлакат аҳолиси қўшимча 2,3 ГВт электр энергияси билан таъминланади. Бу хакда «Иссиқлик электр станциялари” АЖ Матбуот хизмати хабар беради.

Барча молиялаштириш манбалари ҳисобидан ушбу лойиҳалар ижроси доирасида 2024 йилда 616,9 млн. долларни ўзлаштириш белгиланган.

2024 йил январь-сентябрь якунлари бўйича мазкур лойиҳалар доирасида 358,72 млн. доллар ўзлаштирилди, режа 354,0 млн. доллар, шунда бажарилиши 101,3 фоиз, бу 2023 йилга нисбатан 155,2 фоизга кўп.

Маълумот учун, 2023 йил январь-сентябрь ойларида 231,1 млн. АҚШ доллари ўзлаштирилган.

Жорий йил апрель ойида Тошкент иссиқлик электр марказида умумий қуввати 32 МВт бўлган 2 та газ турбина қурилмасини қуриш инвестиция лойиҳаси якунига етказилди.

Шу билан бирга, йил якунига қадар Тошкент шаҳрининг иссиқлик таъминоти сўнгги нуқталарида жойлашган 6 та маҳаллаларда когенерация лойиҳаларини амалга ошириш лойиҳаси доирасида Олмазор ва

Сергели туманларида когенерация қурилмалари ишга туширилиши режалаштирилган.

Шунингдек, 2024-2025 йиллар куз-қиш мавсумида аҳолининг электр ва иссиқлик энергиясига бўлган талабини қондириш ва мавсумни беталофат ўтказиш мақсадида тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Келаётган мавсумга тайёргарлик доирасида тизим корхоналарида режа асосида жами 53 та, шу жумладан, 14 та энергоблок, 28 та қозон қурилмаси, 7 та буғ-газ қурилмаси, 1 та турбоагрегат ва 3 та газ-турбина қурилмасида таъмирлаш ишлари амалга оширилди ва белгиланган ишлар ортиғи билан бажарилди.

Қўшимча сифатида, электр станциялардаги тезкор гуруҳлар томонидан камчиликлар аниқланган 11 та энергоқурилмада мукаммал ва жорий таъмирлаш ишлари олиб борилди.

Таъмирлаш ва созлаш ишлари натижасида мавжуд электр энергияси ишлаб чиқариш қувватлари 291 МВт ва иссиқлик ишлаб чиқариш самарадорлиги 235 тонна соатга оширилишига эришилди. 
«Иссиқлик электр станциялари» АЖ «Тошкент иссиқлик маркази» корхонасининг 10 та иссиқлик марказидаги 60 та қозон агрегатидан 15 тасида мукаммал, 45 тасида жорий таъмирлаш ишлари олиб борилди.

Навбатдаги куз-қиш мавсуми даврида «Иссиқлик электр станциялари» АЖ томонидан 26,8 млрд. кВт.соат электр энергияси ва 9,2 млн. Гкал иссиқлик энергияси ишлаб чиқариш режалаштирилган. Бунинг учун

6,2 млрд. куб метр табиий газ, 2,8 млн. тонна кўмир ва 100,0 млн. кубметр ер ости гази сарфланиши режалаштирилган. Зарур ҳолатларда заҳира ёқилғиси сифатида мазут ишлатилади.

Таъмир ишларининг сифатли бажарилишини таъминлаш мақсадида ушбу жараёнларда электр станциялари мутахассислари қаторида “Ўзбекэнерготаъмир” АЖ, «Ўзэнергосозлаш» МЧЖнинг малакали
мутахассислари ҳамда АҚШнинг “General Electric”, Япониянинг “Mitsubishi” ва Жанубий Кореянинг “Hyundai” компанияси вакиллари иштирок этишди.

Айни пайтда барча электр станциялари ва марказларида навбатчилик асосида энергоқурилмаларнинг узлуксиз ишлаши жараёнини мувофиқлаштирувчи махсус тезкор штаблар фаолияти шакллантирилган.

Қуз-қиш мавсумини беталофат ўтказиш учун улар таркибига 2 мингдан ортиқ малакали мутахассис ҳамда 112 та махсус техника бириктирилган. Раҳбар ва масъул мутахассислардан иборат 10 та туну кун фаолият олиб борувчи навбатчилик гуруҳлари иши йўлга қўйилган.
 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг