Валюта курслари 18/07/2025
$1 – 12658.19
UZS – -0.79%
€1 – 14672.11
UZS – -1.0%
₽1 – 161.44
UZS – -1.16%
Қидириш
Дунё 17/07/2025 Исроил Дамашқдаги Президент саройи жойлашган ҳудудга авиазарбалар йўллади

Исроил Дамашқдаги Президент саройи жойлашган ҳудудга авиазарбалар йўллади

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Syria TV телеканали хабарига кўра, Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари Сурия пойтахти Дамашқда Президент саройи жойлашган ҳудудга ҳаводан зарба берди. Материалда таъкидланишича, ҳужум «Исроил оккупацияси самолётлари» томонидан амалга оширилган.

Аввалроқ Исроил кучлари Сурия Қуролли кучлари Бош штаби бинолари мажмуасига икки марта зарба берган эди. Сурия Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, охирги авиаҳужумлар оқибатида бир нафар тинч фуқаро ҳалок бўлди, яна 18 киши жароҳатланди.

Сешанба куни Исроил мудофаа вазири Исраэль Кац агар Дамашқ Сувейда вилоятидаги дурӯзлар жамоасига нисбатан зўравонликни тўхтатмаса, «оғриқли зарбалар» бериш билан таҳдид қилди.

Бунгача жанубий Суриядаги дурӯз қишлоқларига қуролланган гуруҳлар томонидан ҳужум қилингани ҳақида хабарлар тарқалди. Бу таҳдидга жавобан аҳоли ўзини ҳимоя қилиш бўлинмалари ташкил қилди, Сурия ҳукумати эса низоли ҳудудга армия ва ички ишлар кучларини юборди. Расман эълон қилинган мақсад — ноқонуний қуролли тузилмаларни йўқ қилиш.

Сурия мудофаа вазирлиги маълумотича, тўқнашувлар пайтида 30 нафардан зиёд киши ҳалок бўлган, 100 дан ортиқ одам яраланган. Ҳалок бўлганлар орасида «ўтиш даври қуролли мухолифат кучлари» деб аталувчи тузилманинг 20 нафар аъзоси ҳам бор.

Сурия расмийлари тинчлик ва диалогга чақириб, можаронинг янада кучайиши тинч аҳоли азоб-уқубати ортишига олиб келишини таъкидлашди.

Вазият кескинлашган бир пайтда Исроилдаги дурӯз жамоаси етакчилари Суриядаги диндор биродарларига ҳамдардлик ифода этиб, оммавий иш ташлаш эълон қилди. Уларга кўра, дурӯзлар ҳукумат кучлари томонидан уюштирилган ҳужумлар қурбони бўлмоқда.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг