Валюта курслари 28/11/2024
$1 – 12848.38
UZS – 0.22%
€1 – 13512.64
UZS – 0.31%
₽1 – 120.07
UZS – -1.79%
Қидириш
Ўзбекистон 20/02/2023 Иштихонда ишлар «Оққўрғон тажрибаси» асосида ташкил этилмоқда
Иштихонда ишлар «Оққўрғон тажрибаси» асосида ташкил этилмоқда

Самарқанд вилояти Иштихон туманида ҳудудларни обод қилиш, қишлоқ ва маҳаллаларда инфратузилма билан боғлиқ энг долзарб масалаларни тизимли ҳал этиш, хусусан, жойларда ички йўллар, ичимлик суви, электр энергияси ва газ таъминотини, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, спорт ва бошқа инфратузилма объектларини яхшилаш, шу асосда аҳоли учун муносиб турмуш шароитларини яратиш борасида ишлар тизимли равишда олиб борилмоқда.

Давлатимиз раҳбари топшириғига асосан тузилган Республика ишчи гуруҳи томонидан Иштихон туманида аҳоли муаммолари ва ҳудудларда ижтимоий-иқтисодий масалаларни ўрганиш ва ҳал этиш бўйича ишлар Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманида жорий қилинган тажриба асосида ташкил этиляпти.

Айни дамда аҳолини қийнаб келаётган муаммоларни аниқлаш ва бартараф этиш бўйича туманда аҳоли билан мулоқотнинг янгича тизими доирасида фуқаролар билан учрашувлар ўтказилиб, мавжуд муаммоларга самарали ечим топилмоқда.

Туманда сув, газ ва электр таъминоти, ички йўллар ҳолати, мактабгача таълим, транспорт хизмати соҳаларидаги муаммоларни ҳал этиш мақсадида 31 та маҳалла фуқаролар йиғинида 20 миллиард 580 миллион сўмлик ишлар бажарилиши режалаштирилган. Шундан 17 маҳаллада 22 километрдан ортиқ ички йўллар таъмирланиб, бир ярим километр пиёдалар йўлакчаси қурилади.

Бугунги кунда барча объектларда тендер танловлари якунланиб, пудратчи ташкилотлар аниқланган, сув объектлари, пиёдалар йўлаги қуриш, оқова сув ариғи ўрнатиш давом этмоқда. Жумладан, «Тўпор», «Намуна», «Шайхислом», «Қайирма», «Йўғонтепа», «Миришкор», «Зарбанд», «Ғофур Ғулом», «Азамат» МФЙ ларда жами 6 та сув иншоотини қуриш, 16,2 километрлик ичимлик суви тармоғини тортиш ишлари амалга оширилмоқда. Натижада ушбу маҳаллаларда яшовчи 3 мингга яқин аҳолининг ичимлик суви таъминоти яхшиланиб, 1250 нафар аҳоли илк бор марказлашган тоза ичимлик суви билан таъминланади. Айни пайтда мазкур ҳудудларда қурилиш-монтаж ишлари олиб борилмоқда.

— Маҳалламизда 420 та хонадон мавжуд, — дейди Иштихон туманидаги «Тўпор» МФЙ раиси Ҳусниддин Остонов. — Бугунги кунга маҳалламизда тоза ичимлик суви таъминоти билан боғлиқ амалий саъй-ҳаракатлар якунига етказилмоқда. Февраль ойи охирига қадар маҳалламиздаги юз фоиз хонадонларда тоза ичимлик суви чиқа бошлайди.

Шу билан бирга «Баҳрин», «Сафохўжа» ва «Чинортепа» маҳаллаларида электр энергиясидаги узилишларни бартараф этиш мақсадида 3 та трансформатор, 731 та бетон-таянч устунлар ўрнатилиши кўзда тутилган. Туманнинг табиий газ етиб бормаган маҳаллаларида аҳолини суюлтирилган газ баллонлари билан таъминлаш ҳам барқарорлашди.

— Бизнинг «Хонақа» маҳалла фуқаролар йиғинимизда 4 минг 200 дан зиёд аҳоли яшайди, — дейди маҳалла раиси Самариддин Муҳаммадиев. — Хусусан, йиғинимизга қарашли 4 та қишлоқда энг асосий муаммолардан бири кўча ва йўлларимизнинг носозлиги эди. Мана, қисқа вақт ичида оғир аҳволдаги 17 та кўчага қум-шағал ётқизиляпти. 1,5 километр йўлимиз асфальтланди. Бундан ташқари электр энергияси, ичимлик суви билан боғлиқ муаммолар барҳам топмоқда.

Бу амалий чора-тадбирлар қаторида ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногиронлиги бўлган шахслар билан ишлаш уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масаласига эътибор қаратиляпти. Ушбу мақсадда туманда хонадонма-хонадон хатлов ўтказилди. Натижада ижтимоий аҳволи оғир бўлган оилаларнинг 70 дан ортиқ уй-жойлари таъмирталаблиги аниқланиб, ҳозирга қадар шундан 45 тасига зарур қурилиш материаллари ажратилди.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг