Шу кунларда мамлакатимиз бўйлаб эл-юртимиз ҳаёти ва тақдирида туб бурилиш ясаган, том маънодаги буюк тарихий воқеа – Ватанимиз мустақиллигининг ўттиз бир йиллик тўйига бағишланган маросим ва тадбирлар давом этмоқда. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, «Янги Ўзбекистон орзуси, бугунги кунларимизга нисбатан айтганда, ҳозирги даврнинг тақозоси, унинг асл қиёфасини, ҳаракатлантирувчи кучлари ва омилларини белгилайдиган ғоявий-маънавий асос, халқимизга хос яратувчанлик шижоати ва кенг кўламли ислоҳотларимизнинг яққол ифодасидир».
Президент виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналарига юртдошларимиздан келаётган кўплаб миннатдорлик мактубларида ҳам эл-юртимиз ҳаётидаги тарихий ўзгаришлар кенг эътироф этилаётгани, мамлакатимиз раҳбарининг мустақилликнинг ўттиз бир йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида баён қилинган фикрлар, хусусан, 2026 йилгача Тараққиёт стратегияси доирасида таълим, суд тизими, тадбиркорлик, соғлиқни сақлаш ва аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш борасида илгари сурилган янги ғоя ва ташаббуслар фаол қўллаб-қувватланаётганини кузатиш мумкин.
Қорақалпоғистоннинг Нукус шаҳри Қизилқум маҳалласида яшовчи Гулжан Давлетмуратова, Наупир маҳалласида истиқомат қилувчи Маҳмудбой Райимов, Жеке терек маҳалласида яшовчи Гулжаҳон Жамолова, Хўжайли тумани Байтерек маҳалласидан Гулайим Сметуллаева, Хўжайли тумани «Саманкўл» овул фуқаролар йиғинида яшовчи Нураддин Розимов, Бўзатовнинг «Бўзатов» шаҳарча фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Нурсултан Жантлевов, Тўрткўл тумани «Шўрахон» овул фуқаролар йиғинидан Эгамберди Ражабов, Тахиатош тумани Шамчироқ маҳалласида яшовчи Майрамбай Жумагалиев каби юртдошларимиз мактубларида давлатимиз раҳбари Оролбўйи ҳудудларини ҳар томонлама ривожлантиришга доимий эътибор қаратаётгани, дастурлар доирасида овул ва маҳаллалар чирой очаётгани, сув таъминоти, мактабгача таълим қамрови даражаси ошаётгани таъкидланади. Яқинда ҳудуд аҳолиси учун қўшимча имтиёз ва енгилликлар берилгани учун Президентимизга самимий миннатдорлик билдирилади.
Нукуслик Гулжаҳон Жамолова йўллаган мактубда «бу йил бизнинг Жеке терек маҳалламиз ҳам таниб бўлмас даражада ўзгариб кетди: йўлларимиз таъмирланиб, асфальтланди, неча йиллик орзуларимиз ушалиб, уйларимизга ичимлик суви тармоғи тортиб берилди, «Ёшлар дафтари»даги фарзандларимиз сафарбарлик чақирув резервида хизмат қилиши учун тўловлар тўлаб берилди, ишсиз қизларимизга эса уйида ишлаб даромад топиши учун тикув машиналари тарқатилди, кредитлар берилмоқда ва буларнинг барчаси учун Сизга катта раҳмат, муҳтарам Президент!», деб таъкидланган бўлса, тахиатошлик Майрамбай Жумагалиев «Президент виртуал қабулхонасига мурожаатимиздан сўнг давлатимиз энг катта ҳимоячимиз эканини яна бир марта англадик, ишдан бўшатишмоқчи эди, энди барчаси жойига тушди, Президентимиз адолати билан ўз иш ўрнимизни сақлаб қолдик, ҳаммаси учун давлатимиздан миннатдормиз», дейилади.
Ҳақиқатан ҳам, давлатимиз раҳбарининг байрам нутқида айтиб ўтилганидек, ўтган даврда «Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак» деган тамойил барча бўғиндаги раҳбарлар учун фаолият дастурига айлангани, вазир ва ҳокимлар, депутат ва сенаторлар, раҳбар ва мутасаддилар, буюк шоиримиз Чўлпон айтганидек, халқ ичига кириб, халқдан куч олиб, янги ёндашув асосида халқимизга хизмат қилаётгани демократик ислоҳотлар натижадорлигини таъминлашда энг муҳим ва ҳал қилувчи омил бўлмоқда. Виртуал қабулхона ва Халқ қабулхоналарига ҳар куни келиб тушаётган юзлаб миннатдорлик хатларида ҳам «мен билан учрашишди», «мени тинглашди», «муаммомни жойида ҳал қилишди» каби ибораларга тез-тез дуч келамиз. Айтайлик, Тошкент шаҳри Чилонзор тумани «Бектўпи» маҳалла фуқаролар йиғини Бектўпи кўчаси 2-уйда яшовчи Заҳро Ёқубова доимий дори-дармон билан таъминланаётгани, Олмазор тумани Чиғатой дарвоза маҳалласидан Ринат Аглямов давлатимизнинг катта ёрдами билан оғир хасталикни енгиб ўтиб, яна соғлом ҳаётга қайтгани, Яккасарой тумани Армуғон маҳалласида истиқомат қилувчи 2-гуруҳ ногирони Василий Ивахенко маҳалла вакиллари ҳолидан доимий хабар олиб, кўмак кўрсатиб келаётгани, Яккасарой тумани Тўқимачи маҳалласида яшовчи пенсионер Галина Жукова сифатли тиббий хизмат кўрсатилаётгани, Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ тумани Баҳор маҳалласида яшовчи Евдокия Ивкина ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоя қилиниб, қонун ва адолат устуворлиги таъминлангани, Андижон вилояти Булоқбоши тумани Мирзакалон Исмоилий номидаги маҳаллада яшовчи Омина Қодирова Хўжаобод тиббиёт коллежида ўқиши учун шартнома пули тўлаб берилгани, Тошкент вилояти Зангиота тумани Ибрат маҳалласида яшовчи Бахтигул Ўринбекова қулоқ импланти бепул қўйиб берилгани, Хоразм вилояти Урганч шаҳридаги Истиқлол маҳалласида яшовчи 2-гуруҳ ногирони Муборак Маҳмудова мамлакатимизда хотин-қизларга яратилган имтиёз ва шароитлар туфайли Нукус давлат педагогика институтининг бошланғич таълим йўналишига давлат гранти асосида ўқишга қабул қилингани, Урганч шаҳри Оби-ҳаёт маҳалласидан 1-гуруҳ ногирони Ойбек Маткаримов енгил типдаги дўконча қуриб берилгани, Жиззах вилояти Бахмал тумани Сарой маҳалласидан
Норйигит Нурматов тумандаги 30-сонли мактабга ишга жойлашишда амалий ёрдам берилгани, Самарқанд шаҳрида яшовчи Жалолиддин Жамолов ички ишлар тизимига кадрлар танлаш бўйича шаффоф, холис ва адолатли имтиҳон тизими йўлга қўйилгани боис соҳага ишга қабул қилингани, Самарқанд вилояти Тайлоқ тумани Файзиобод маҳалласида яшовчи Шарифжон Жўраев 1-гуруҳ ногирони бўлган қизи Шаҳноза Жўраева турар-жой билан таъминлангани учун давлатимиз раҳбарига самимий миннатдорлик билдирган.
«Муҳтарам Шавкат Миромонович!
Тўрт фарзандим билан 13 йил ижарада кун кечирдим. Давлатимиз бизни ҳеч қачон ўз ҳолимизга ташлаб қўймади. Ҳар доим ҳолимиздан хабар олиб туришди. Мана, яқинда бизга ижтимоий уй ажратишди. Бу кошонанинг ҳар бир қаричи биз учун азиз, қадрли. Халқимизнинг «ўз уйим – ўлан тўшагим», деган мақоли мағзини энди тушуниб етаётгандекмиз. Агар Сиз шундай инсонпарвар, халқчил сиёсатни йўлга қўймаганингизда, билмадим, биз ҳеч қачон уйли бўла олмас эдик. Ватанимиздан тоабад қарздормиз, фарзандларимни эл-юрт хизматига ярайдиган инсонлар қилиб тарбиялайман», дейилади Самарқанд шаҳри Нурли келажак маҳалласида яшовчи Гулноза Мамедова йўллаган мактубда.
Хоразм вилояти Шовот тумани Бўстон маҳалласида яшовчи Дармон Нажимова, Тупроққалъа тумани Шарловуқ маҳалласидан Гулнора Рўзибоева, Қўшкўпир тумани Шихмашҳад маҳалласида истиқомат қилувчи Бекпошша Искандарова, Ҳазорасп тумани Жувархос маҳалласида яшовчи Ҳаким Аҳмедов, Урганч шаҳри Дўстлик маҳалласидан Ҳамза Отабоевнинг байрам муносабати билан юборилган хатларида кейинги беш йил ичида вилоятдаги туман марказлари, юзга яқин қишлоқ ва маҳаллалар обод қилингани, «Очиқ осмон остидаги музей» номини олган Хива шаҳрига темир йўл етиб боргани, янги вокзал ишга туширилгани, тезюрар поезд Хивага олиб келинаётгани, Урганч шаҳрида Ал-Хоразмий шаҳарчаси қурилиши бошлангани давлатимиз раҳбарига самимий миннатдорлик сўзлари битилган.
Айниқса, эл-юрт озодлиги йўлида курашган буюк аждодимиз Жалолиддин Мангуберди хотирасига бағишлаб Урганч шаҳрида муҳташам ёдгорлик мажмуаси бунёд этилгани Ватанга садоқат, фарзандлик меҳри ва иймон-эътиқод билан хизмат қилишнинг рамзи бўлгани таъкидланади. «Султон Жалолиддиннинг 25 метрли муаззам ҳайкали ҳамиша мустақиллик қадрини, эркин ва озод яшаш бахт-саодатини, Янги Ўзбекистонда наинки бугунги авлодга мансуб инсонлар, балки буюк аждодларимиз хотираси ҳам азиз эканини бизга ҳамиша эслатиб туради», дейилади.
Шовот тумани Оқкўл маҳалласидаги 15-мактабнинг «Ёш шахматчилар» тўгараги раҳбари Хушнудбек Шиховнинг табрик мактубида эса яқинда шахмат бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари Ҳиндистоннинг Ченнай шаҳрида ўтказилган 44-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси чемпиони деган юксак шарафга сазовор бўлгани тимсолида улуғ аждодларимиз закоси бугунги авлодлар интеллектида янгича маъно-мазмун билан намоён бўлаётгани таъкидланади.
«Муҳтарам Шавкат Миромонович!
Нодирбек Абдусатторов, Нодирбек Яқуббоев, Жавоҳир Синдоров, Жаҳонгир Воҳидов, Шамсиддин Воҳидов каби юрт ўғлонлари истеъдодига бутун дунё яна бир бор тан бергани Сиз асос солаётган Янги Ўзбекистон, Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо қилиш ғояси нақадар мустаҳкам, чуқур ўйланган прагматик сиёсат ифодаси эканини бутун жаҳон бўйлаб яққол намоён этди. Сиз яратиб бераётган шарт-шароитлар туфайли, Худо хоҳласа, шахматчи қизларимиз ҳам Олимпия чемпиони деган юксак шарафга сазовор бўлади, яна тўрт йилдан сўнг Ватанимизда бўлиб ўтадиган 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасида ҳам мамлакатимиз вакиллари «дунё интеллектлари тожи»ни ўзларида сақлаб қолишади. Биз шахмат мураббийлари Сизга янги-янги чемпионлар авлодини тарбиялашга ваъда берамизки, бу билан ўзбек шахмат мактабининг «олтин занжир»и янада мустаҳкамланади».
Албатта, фахр-ифтихор, шукроналик ва миннатдорлик туйғуларига тўла бундай самимий дил сўзларини, мамлакатимизда инсон қадрини улуғлашга қаратилган эзгу саъй-ҳаракатлар, туб ўзгариш ва ислоҳотлар юзасидан билдирилган фикр ва мулоҳазаларни яна кўплаб келтириш мумкин. Давлатимиз раҳбари номига йўлланган бу мактублар билан танишар эканмиз, жонажон Ватанимизнинг турли ҳудудларида яшаётган, ҳар хил соҳа ва тармоқларда меҳнат қилаётган кўпмиллатли халқимизни Ўзбекистоннинг бугуни ва келажагига бўлган қатъий ишонч, ягона аҳил оила, ягона халқ туйғуси, мамлакатимиз ечакчисига бўлган меҳр ва садоқат, Президентимиз олиб бораётган сиёсатга дахлдорлик ва хайрихоҳлик, эл-юрт тинчлиги ҳамда равнақига камарбасталик фазилатлари бирлаштириб турганини чуқур ҳис қиламиз.
Ўзбекистон Республикаси
Президентининг Халқ қабулхонаси