Валюта курслари 22/11/2024
$1 – 12844.21
UZS – -0.09%
€1 – 13508.26
UZS – -0.46%
₽1 – 127.35
UZS – -0.63%
Қидириш
Иқтисод 11/05/2024 Инвестициявий ҳамкорлик бўйича вазифалар ижроси ва келгуси режалар муҳокама қилинди
Инвестициявий ҳамкорлик бўйича вазифалар ижроси ва келгуси режалар муҳокама қилинди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) – Президент Шавкат Мирзиёевга хорижий шериклар билан инвестициявий ҳамкорлик бўйича эришилган келишувлар ижросининг бориши ва келгуси режалар юзасидан ҳисобот берилди.
Россия, Хитой, Қатар, Саудия Арабистони ва бошқа мамлакатлар билан биргаликда амалга оширилаётган кооперация лойиҳалари ва инвестиция дастурларига алоҳида эътибор қаратилди.
Маълумки, 22-24 апрель кунлари Тошкент шаҳрида “Иннопром. Марказий Осиё” халқаро саноат кўргазмаси бўлиб ўтди. Ушбу тадбир Россия Федерацияси билан муваффақиятли савдо-иқтисодий ҳамкорликка ёрқин мисолдир.
2023 йил якунида мамлакатларимиз ўртасидаги товар айирбошлаш қарийб 10 миллиард долларга етди.
Ушбу кўрсаткични 2030 йилга қадар икки баробарга кўпайтириш мақсад қилинган. Ўзбекистонда 3 мингдан ортиқ қўшма корхона муваффақиятли фаолият юритмоқда. 2023 йилда 700 дан зиёд янги корхона ташкил этилди. Ўтган йили Россиянинг 3 миллиард долларга яқин инвестициялари ўзлаштирилган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткич 5 миллиард доллар бўлиши кутилмоқда.
Умуман, “Иннопром” доирасида 4 миллиард долларлик битимлар тўплами имзоланди.
2-3 май куни эса дунёнинг 93 та мамлакатидан 2,5 минг меҳмон иштирокида Тошкент халқаро инвестиция форуми бўлиб ўтди. Унинг доирасида ўтган ишбилармонлик тадбирлари якунида умумий қиймати 26,6 миллиард долларлик инвестиция битимлари ва экспорт шартномалари имзоланди.
Улар орасида қурилиш, “яшил” энергетика, тоғ-кон саноати, инфратузилма, озиқ-овқат, тўқимачилик саноати ва соғлиқни сақлаш соҳасидаги йирик лойиҳалар бор.
Форум натижалари бўйича хорижий ҳамкорлар билан имзоланган инвестиция ва савдо битимларини амалга ошириш бўйича “йўл харита”си ишлаб чиқилди. Унда барча босқичлар, муддатлар ва масъуллар аниқ белгиланди. Шунингдек, форумда ҳамда Президент ҳузуридаги Хорижий инвесторлар кенгаши йиғилишида хорижий инвесторлар томонидан билдирилган таклиф ва ташаббусларни жорий қилиш бўйича “йўл харита”си ишлаб чиқилган.
Давлатимиз раҳбари ҳисоботни тинглаб, “йўл харита”ларининг барча бандлари ўз вақтида ва тўлиқ амалга оширилиши устидан қатъий назорат ўрнатиш, инвесторлар билан доимий мулоқот қилиб, улар учун максимал даражада қулай шароитлар яратиш, лойиҳаларни амалга ошириш жараёнида юзага келиши мумкин бўлган масалаларни тизимли ҳал этиб боришни топширди.
Мутасаддиларга тўртинчи Тошкент халқаро инвестиция форумига тайёргарликни ҳозирдан бошлаш, иқтисодиётнинг устувор тармоқларида истиқболли лойиҳалар тўпламини шакллантириш вазифаси қўйилди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг