Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар миқдори 2018 йилда 2,8 миллиард долларга етиб, 2017 йилдаги прогноз кўрсаткичларидан 7 фоизга кўпроқни ташкил этди. Хорижий капитал иштирокида 2 162 та янги корхона очилди. Бу 2017 йилга нисбатан 2,7 баробар кўп демакдар (800 та қўшма ва хорижий корхона). Ҳозирги кунда хорижий сармоя иштирокида фаолият олиб бораётган корхоналарнинг умумий сони 7 371 тага етди.
Хорижий компаниялар, жамғармалар ва банклар билан тузилган шартномалар доирасида, шу жумладан, юқори даражадаги ташрифлар натижаларига кўра, жами қиймати 11,5 миллиард доллардан ортиқ бўлган 90 та лойиҳани амалга ошириш ишлари бошланди. Ушбу янги лойиҳалар асосан тўқимачилик саноатида, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш йўналишида, нефть ва газ саноати, геология, кимё ва энергетика соҳалари, мева ва сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш, логистика, меҳмонхона мажмуалари, бизнес марказларини қуриш ҳамда шаҳар инфратузилмасини ривожлантиришга йўналтирилгани диққатга моликдир. Шу билан бирга, хорижий банкларнинг кредит линияларидан давлат кафолатисиз 4,5 миллиард доллардан ортиқ сармоя жалб қилинди. Бу эса, лойиҳаларни янада самарали амалга оширишга хизмат қилмоқда.
Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Ислом тараққиёт банки сингари халқаро молия институтлари ҳамда Франция тараққиёт агентлиги, Саудия тараққиёт фонди, Хитой Эксимбанки, Кореянинг Эксимбанки, Япониянинг JAICA ва JABIC каби хорижий ҳукумат молия ташкилотлари томонидан Ўзбекистон Республикасига 3,1 миллиард долларлик 18 та кредит ажратилди. Жаҳон банки тизимида Ўзбекистон Республикаси лойиҳа портфели ҳажми жиҳатидан Европа ва Марказий Осиёдаги биринчи бешта мамлакат қаторига киргани юртимизда шиддат билан амалга оширилаётган ислоҳотларга халқаро молия институтлари томонидан юксак ишонч билдирилаётганидан далолат беради.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг соҳада туб ўзгаришларни чуқурлаштиришга хизмат қилувчи «Инвестиция ва ташқи савдо соҳасида бошқарув тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони асосида Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузурида тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш, шунингдек, сармоядорларда юзага келадиган муаммоларни ҳал қилишга қаратилган Хорижий инвестицияларни жалб этиш агентлиги, Экспортни ривожлантириш агентлиги, Технологик ривожланиш агентликлари фаолияти йўлга қўйилгани Ўзбекистоннинг инвестицион муҳитини янада яхшилашга ёрдам бермоқда.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси.