Валюта курслари 20/09/2024
$1 – 12724.84
UZS – -0.12%
€1 – 14223.83
UZS – 0.23%
₽1 – 137.11
UZS – -1.46%
Қидириш
Молия 14/04/2012 Интерактив хизматлар — солиқ тўловчилар хизматида
Интерактив хизматлар — солиқ тўловчилар хизматида
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббусига кўра, мамлакатимиз ҳаётидаги муҳим аҳамиятга молик масалалардан кенг жамоатчиликни хабардор қилиб бориш мақсадида, вазирлик ва идоралар раҳбарларининг оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда тадбиркорлик субъектлари раҳбар ва мутахассислари билан учрашувлари ташкил этиб борилмоқда.

Жорий йилнинг 10 апрель куни Давлат солиқ қўмитаси томонидан Ёшлар ижод саройида оммавий-ахборот воситалари ҳамда хўжалик юритувчи субъектлар вакиллари учун «Интерактив хизматлар – солиқ тўловчилар хизматида» мавзусида кўргазмали семинар ва матбуот анжумани ўтказилди.

Тадбир давомида иштирокчиларга мамлакатимизда сўнгги йилларда ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш ва жамият ҳаёти ва фаолиятининг барча жабҳаларига жорий этиш вазифасини муваффақиятли амалга ошириш учун яратилган норматив-ҳуқуқий база ва шарт-шароитлар, шунингдек Давлат солиқ қўмитаси томонидан мазкур йўналишда олиб борилаётган ишлар ҳақида батафсил маълумотлар берилди. Хусусан:

- Давлат солиқ қўмитасининг расмий сайти орқали бугунги кунда 16 та интерактив ва бошқа бир қатор фойдали электрон хизматлар кўрсатилиши йўлга қўйилганлиги;

- Давлат солиқ қўмитасининг расмий сайти айни пайтда 139 та давлат бошқаруви органлари сайтлари орасидаги рейтинг натижаларига кўра, Ҳукумат порталидан кейин иккинчи ўринни эгаллаб келаётганлиги;

- жорий йил бошидан шу кунга қадар сайтда 7 миллионга яқин ташрифлар қайд этилганлиги;

- ҳозирда 47 мингга яқин жисмоний шахслар ва 200 мингдан ортиқ корхона ва ташкилотлар давлат солиқ хизмати органларининг интерактив хизматларидан фойдаланаётганликлари таъкидланди.

Кўргазмалар залида ташкил этилган павильонларда Давлат солиқ қўмитаси ходимлари томонидан интерактив хизматлар имкониятлари ахборот-коммуникация воситалари ёрдамида намойиш этилиб, уларнинг қулайлик ва афзалликлари ҳақида тушунтиришлар берилди, солиқ тўловчиларнинг тоифаларига қараб тайёрланган плакатлар, буклетлар, «Солиқ инфо» газетасининг махсус сони, интерактив хизмат турларидан фойдаланиш йўл-йўриқлари бўйича видео-қўлланма ва тақдимотлар иштирокчилар эътиборига ҳавола этилди.

Тадбирда шунингдек, солиқ тўловчиларни хабардор қилиш сифатини ошириш мақсадида яратилган «Кўп учрайдиган саволлар» номли янги интерактив хизмат турининг тақдимоти бўлиб ўтди. Ушбу хизмат турида амалдаги солиқ қонунчилигига доир долзарб масалалар бўйича 3,5 мингдан ортиқ саволларга малакали жавоблар базаси йиѓилган бўлиб, улар солиқ ставкалари, имтиёзлар, солиқ органлари билан солиқ муносабатлари бўйича мулоқот қилиш тартиби ва бошқалардан иборат.

Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида фаолият юритувчи 700 дан зиёд тадбиркорлик субъектлари вакиллари, бош ҳисобчилари ҳамда 50 нафарга яқин маҳаллий ва хорижий журналистлар иштирок этган семинарда иштирокчиларни қизиқтирган саволларга Давлат солиқ қўмитаси, қўмита ҳузуридаги Янги технологиялар илмий-ахборот маркази мутахассислари жавоб бердилар. Мазкур тадбир 11 апрель куни ҳам ўз ишини давом эттиради.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг