Валюта курслари 22/11/2024
$1 – 12844.21
UZS – -0.09%
€1 – 13508.26
UZS – -0.46%
₽1 – 127.35
UZS – -0.63%
Қидириш
Технологиялар 25/09/2016 “Intellect2All” ҳамда “Cyber Security Challenge Uzbekistan” танловлари ғолиблари аниқланди
“Intellect2All” ҳамда “Cyber Security Challenge Uzbekistan” танловлари ғолиблари аниқланди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Пойтахтимизда ахборот технологиялари лойиҳалари бўйича “Intellect2All” ҳамда ахборот хавфсизлиги бўйича “Cyber Security Challenge Uzbekistan” танловлари ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Ахборот-коммуникация технологиялари ҳафталиги доирасида ўтказилган ушбу танловлар Ёшлар ташаббуслари маркази, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш, Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати томонидан ташкил этилди.

Мустақиллик йилларида мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримов раҳнамолигида ахборот-коммуникация технологиялари соҳасини ривожлантириш бўйича улкан ишлар амалга оширилди.

Бугунги кунда коллеж ва лицейлар, олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган ўқувчи ва талабалар замонавий компьютер техникаси ва электроникани пухта ўрганмоқда. Масалан, Тошкент ахборот технологиялари университетида мобиль алоқа, электрон муҳандислик ва робот техника, оптик толали алоқа линиялари бўйича илмий лабораториялар мавжуд. Тошкент ахборот технологиялари касб-ҳунар коллежида фаолият кўрсатаётган “Samsung” сервис академиясида мобиль қурилмалар ва рақамли телевизорларни таъмирлаш мутахассислари тайёрланмоқда.

Ёшлар ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги танлов ва мусобақаларда ўз билимини намойиш этиб, бизнес ғояларини ҳаётга татбиқ этиш учун яхши имкониятга эга бўлмоқда.

Ахборот технологиялари лойиҳалари танловининг якуний босқичида энг яхши 40 лойиҳа муаллифи уч йўналиш бўйича баҳслашди.

Веб-ишланма номинациясида Фарғона вилоятининг “FSIX” жамоаси Ўзбекистоннинг диққатга сазовор жойлари суратларидан фойдаланган ҳолда яратилган All360.uz веб-саҳифаси учун биринчи ўринни эгаллади. “Мобиль иловалар” номинациясида Бухоро вилояти жамоаси томонидан яратилган “Bot rabbit” иловаси энг яхши деб топилди. Виртуал реаллик форматидаги миллий музей – “Gallery” лойиҳасини яратган Тошкент шаҳри жамоаси виртуал реаллик иловалари номинацияси ғолиби бўлди, деб хабар беради ЎзА.

Ахборот хавфсизлиги соҳасидаги мусобақалар ҳам қизиқарли ўтди. Танловнинг якуний босқичида иштирокчиларга замонавий кибер макон воқеликларига имкон қадар яқинлаштирилган топшириқлар берилди. Улар сайт ва серверларнинг ҳимоясиз жойлари ва камчиликларини топиб бартараф этиши керак бўлди. Бухоро вилоятининг “Wind” ва “Elio” жамоалари биринчи ва иккинчи ўринни эгаллади. Учинчи ўрин Тошкент шаҳрининг “Жаноб робот” жамоасига насиб этди.

Мазкур танловлар ахборот-коммуникация технологиялари ҳаётга кенг жорий этилаётгани, ёшларнинг юқори технологияларга бўлган қизиқиши ва дастурчиларнинг бу борадаги маҳорати тобора ортаётганини яна бир бор намоён этди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг