Валюта курслари 27/11/2024
$1 – 12820.47
UZS – 0.04%
€1 – 13470.47
UZS – 0.21%
₽1 – 122.26
UZS – -1.0%
Қидириш
Ўзбекистон 19/09/2023 Инсон ҳуқуқларига оид яна бир муҳим қўлланма ўзбек тилида нашр этилди
Инсон ҳуқуқларига оид яна бир муҳим қўлланма ўзбек тилида нашр этилди

19 сентябрь куни Тошкент шаҳрида “Озодликдан маҳрум этиш жойларида жинсий ва гендерга асосланган зўравонликнинг олдини олиш ҳамда унга қарши курашиш” қўлланмаси ўзбек тилидаги нашрининг тақдимоти бўлиб ўтди. Тадбир Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази билан Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг (ЕХҲТ) Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси офиси ҳамкорлигида ташкил этилди.

Тақдимотда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов сўзга чиқиб, шафқатсиз муомала ва қийноқларни тақиқлаш инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро шартномаларда ҳам, бутун дунё давлатларининг миллий қонунчилигида ҳам эътироф этилган асосий ҳуқуқ эканини таъкидлади. Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси талабига кўра, ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки инсон қадрини камситувчи муомалага ёхуд жазога дучор этилиши мумкин эмас.

Янги Ўзбекистонда қийноқлар ва зўравонликларнинг олдини олиш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига риоя этиш ҳамда уларни ҳимоя қилиш учун қонунчилик ва институционал, таълим ва мониторинг асослари яратилган. Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг халқаро ва минтақавий механизмлари, халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари билан ҳамкорликни ривожлантириш борасида тизимли ва изчил ишлар амалга оширилмоқда.

Йиллар давомида ижтимоий соҳада, оилаларнинг моддий аҳволида тўпланиб қолган муаммолар оила аъзолари ўртасидаги муносабатларга салбий таъсир кўрсатиб, айрим ҳолларда оилавий ажримларга, аёллар ҳуқуқларининг бузилишига, баъзан эса ўз жонига қасд қилишга олиб келиши сир эмас. Шу маънода, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан кейинги йилларда хотин-қизларнинг муаммоларини ҳал этиш, уларни ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ўзбекча нашри тақдим этилаётган қўлланманинг мақсади мамлакатимизнинг тегишли давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари мутахассисларининг озодликдан маҳрум этиш жойларида жинсий ва гендерга асосланган зўравонликнинг олдини олиш ҳамда унга қарши курашиш борасидаги малака ҳамда кўникмаларини оширишга кўмаклашишдан иборат. ЕХҲТ минтақасидаги стандартлар, ёндашувлар ва амалий мисолларни ўзида жамлаган янги нашр биринчи навбатда қонун чиқарувчи ва суд тизимидаги амалиётчиларга, жумладан, адвокат, прокурор ва судялар, шунингдек тергов қилиш, сўроқ қилиш ва ҳибсда сақлашда иштирок этадиган бошқа барча ходимлар учун мўлжалланган.

ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг инсон ҳуқуқлари бўйича мутахассиси Изабель Сильвия Хартманн тақдимот иштирокчиларига ушбу қўлланманинг мазмун-мундарижаси ҳақида атрофлича сўзлаб берди. Унда ЕХҲТ минтақасининг турли давлатларидан мисоллар келтирилганини қайд этди. 

Бу мисолларда, инсон ҳуқуқларини ва айни муаммонинг гендер жиҳатларини ҳисобга олган ҳолда, қамоқда сақлаш жойларида жинсий ва гендер асосидаги зўравонликларга барҳам бериш ва уларнинг олдини олиш учун қандай чоралар кўрилиши мақсадга мувофиқлиги баён этилган. Бундан ташқари, қўлланмада айни масалага тааллуқли суд ишларидан аниқ мисоллар келтирилган. Айни тажрибалар бу борадаги тегишли суд амалиётини ривожлантиришнинг асосий босқичларини ўзида акс эттиради. 

Ўз навбатида, миллий экспертлар тадбир қатнашчиларини Ўзбекистоннинг озодликдан маҳрум қилиш жойларида гендер зўравонликнинг олдини олиш бўйича амалдаги миллий стандартлари билан таништирдилар.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш бошқармаси, Ички ишлар вазирлиги Академияси, Миллий гвардия, Жамоат хавфсизлиги университети, Бош прокуратура, Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари академияси ходимлари, шунингдек, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари иштирок этди.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг