Тошкент шаҳрида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Адлия вазирлиги, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ҳамда “Тараққиёт стратегияси” маркази томонидан “Инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини таъминлашда давлат органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотларнинг ҳамкорлиги” мавзусида Миллий форум бўлиб ўтди.
Форум ишида 300 дан ортиқ иштирокчи, шу жумладан вазирлик ва идоралар, дипломатик корпус ва халқаро ташкилотлар, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда халқаро ва чет эл нодавлат ташкилотларининг ваколатхоналари, шунингдек, маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.
Давлатимиз раҳбари томонидан тасдиқланган Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегиясидан келиб чиққан ҳолда, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида давлат ва нодавлат ташкилотларининг ўзаро ҳамкорлик қилиш механизмларини такомиллаштириш ҳамда ушбу йўналишда давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари ўртасида маслаҳатлашувлар ўтказиш амалиётини янада кенгайтириш Миллий форумнинг асосий мақсади этиб белгиланди.
Қайд этилдики, бугунги кунда мамлакатимизда конституциявий ислоҳотларнинг “Инсон қадри ва халқ манфаати ҳамма нарсадан устун” деган эзгу ғоя асосида амалга оширилаётгани ҳам Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий стратегиянинг амалий натижасини кўрсатади.
Сўзга чиққанлар томонидан сўнгги йилларда мамлакатда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ҳолат бутунлай ўзгаргани, шунингдек, шахсий, сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва маданий ҳуқуқларни ҳимоя қилишда фуқаролик жамияти институтлари билан давлатнинг очиқ ҳамкорлиги йўлга қўйилгани алоҳида эътироф этилди.
Форум иштирокчилари таъкидлашича, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий стратегияда инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг ҳимоясини мустаҳкамлашга қаратилган жами 33 та қонунчилик ҳужжатини қабул қилиш назарда тутилган бўлиб, шу кунга қадар 12 та қонун қабул қилинди. Бундан ташқари, 10 та янги норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилган.
Шунингдек, 5 та янги кодекс лойиҳаси, 7 та амалдаги кодекснинг янги таҳрири лойиҳаси тайёрланиб, турли босқичларда муҳокамадан ўтмоқда. Қолаверса, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 7 та фармони ва 3 та қарори қабул қилинди.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 4 мартдаги фармони билан “2021–2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси” тасдиқланди. Концепция инсон ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини, демократик қадриятларни ҳимоя қилишда давлат органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлар ўртасида ижтимоий шериклик муносабатларини кучайтириш масалаларини ўз ичига олади.
Миллий стратегия доирасида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларнинг тўлиқ бажарилишига эришилмоқда, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлашга қаратилган ташкилий-ҳуқуқий механизм янада такомиллашмоқда.
Соҳадаги кенг кўламли ислоҳотлар изчиллигини таъминлаш мақсадида Миллий форумнинг ялпи мажлиси иштирокчилари нодавлат нотижорат ташкилотлар инсон ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ифода этиш ва ҳимоя қилишда фуқаролик жамиятининг муҳим институти сифатидаги роли, конституциявий ислоҳотларда фуқаролик жамияти институтларининг иштироки борасида маърузалар қилиб, фикр-мулоҳаза алмашдилар.
Ялпи мажлисдан сўнг Миллий форум “Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида фуқаролик жамиятини ривожлантириш истиқболлари” ҳамда “Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва таъминлашда жамоатчилик назоратининг ўрни” деб номланган иккита шуъбада давом этди.
Шуъба мажлисларида парламент, вазирлик ва идоралар вакиллари ҳамда жамоат ташкилотларининг тажрибали ва малакали раҳбарларининг фуқаролик жамияти институтларининг ижтимоий лойиҳа ва дастурларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишда оммавий ахборот воситаларнинг роли, Ўзбекистонда яшаётган барча миллат ва элатларнинг ижтимоий ва маданий ҳуқуқларини таъминлаш, инсон ҳуқуқлари соҳасида аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, ёшлар, хотин-қизлар, ногиронлиги бўлган шахслар, меҳнат мигрантлари ҳамда одам савдосидан жабр кўрганларнинг ҳуқуқларини рўёбга чиқариш масалаларига бағишланган 10 дан ортиқ маърузалари тингланди.
Миллий форум давомида муҳокама қилинган барча масалалар натижаси бўйича инсон ҳуқуқларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилишда давлат органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотларнинг ўзаро муносабатларини янада кучайтириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқилди.
Шу билан бирга, Миллий форум якунида инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасида ижтимоий шерикликни ривожлантиришга ҳисса қўшиб келаётган нодавлат нотижорат ташкилотларнинг бир гуруҳ фаол вакиллари тақдирланди.
Форум якунида қабул қилинган ҳужжат инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жараёнларида фуқаролик жамияти институтларининг ролини оширишга, уларнинг давлат органлари билан ҳамкорлигини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.