Валюта курслари 25/09/2024
$1 – 12754.83
UZS – 0.06%
€1 – 14202.50
UZS – 0.31%
₽1 – 137.21
UZS – -0.04%
Қидириш
Ўзбекистон 10/12/2021 Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълимни ривожлантириш: бугун ва истиқбол
Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълимни ривожлантириш: бугун ва истиқбол

Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим миллий дастури, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим бўйича олий ўқув юртлари консорциумлари, ушбу йўналишда илмий изланишларни рағбатлантириш каби масалаларга доир долзарб мавзулар Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ташаббуси билан ўтказилаётган халқаро конференциянинг диққат марказида турибди.

2021 йил 10-11 декабрь кунлари офлайн ва онлайн шаклда ташкил этилган ушбу анжуман Халқаро инсон ҳуқуқлари кунига бағишланган. Нуфузли тадбир БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиёдаги минтақавий ваколатхонаси ҳамда ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси офиси билан ҳамкорликда ўтказилмоқда.

Форум иштирокчилари БМТнинг Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия тўғрисидаги декларациясининг 10 йиллиги самараларини муҳокама қилмоқдалар. Шунингдек, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастури доирасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар сарҳисоб қилинмоқда.

“Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим: халқаро тажриба ва миллий амалиёт” мавзусидаги халқаро конференциянинг иккита ялпи мажлиси ва шўъба йиғилишларида инсон ҳуқуқлари бўйича экспертлардан қарийб 30 нафари қатнашмоқда. Асосий эътибор ёшларнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги билимларини ошириш ва айни йўналишда педагоглар касбий тайёргарлигига қаратилган.

Халқаро анжуманда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоева, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов, Парламентлараро Иттифоқ Бош котиби Мартин Чунгонг, ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси директори Матео Миккачи, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси элчи Пьер фон Аркс, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиёдаги минтақавий ваколатхонаси раҳбари Ришард Коменда ва бошқа нуфузли нотиқлар сўзга чиқдилар.

Конференция ишида, шунингдек, БМТ тизимидаги тузилмалар, ЕХҲТ, Европа Кенгаши, Халқаро меҳнат ташкилоти, Халқаро миграция ташкилоти,  ЮНЕСКО, USAID, Конрад Аденауэр фонди, Фридрих Эберт фонди, Туркия Ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш бўйича агентлиги (ТИКА) раҳбарлари, дипломатик корпус, инсон ҳуқуқлари бўйича хорижий ва миллий институтлар вакиллари, фуқаролик жамияти фаоллари, олимлар ва инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим мутахассислари иштирок этмоқда.

Халқаро анжуманда Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим миллий дастури ва уни амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” матнлари ҳам кўриб чиқилмоқда. Ушбу икки ҳужжат лойиҳаси кенг жамоатчилик муҳокамаси учун Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази расмий сайтига жойлаштирилган.

Жамоатчилик муҳокамалари 15 декабргача давом этади. Таклифлар info@nhrc.uz. электрон почтаси орқали қабул қилинмоқда.

Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, халқаро конференция бир қатор муҳим саналар – Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг 25 йиллиги ҳамда БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича таълим ва тарбия тўғрисидаги декларацияси қабул қилинганининг 10 йиллигига бағишланади.

Анжуманнинг расмий очилиши доирасида жорий йилги “Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун” кўкрак нишони совриндорларини тақдирлаш тантанали маросими бўлди. Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори А.Саидов мукофотларни тантанали равишда ўз эгаларига топширди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказига 25 йиллиги муносабати билан – халқаро ҳамкорлар, ўз навбатида, Миллий марказ – халқаро ҳамкорларга Инсон ҳуқуқлари куни билан эсдалик совғалари тақдим этди.

Халқаро конференция ўз ишини шўъбаларда давом эттирмоқда.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг