Валюта курслари 26/11/2024
$1 – 12814.78
UZS – -0.11%
€1 – 13442.70
UZS – 0.73%
₽1 – 123.50
UZS – -1.13%
Қидириш
Ўзбекистон 04/12/2023 «Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун» кўкрак нишони совриндорлари тақдирланди
«Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун» кўкрак нишони совриндорлари тақдирланди

4 декабрь куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказида бир гуруҳ фуқаролар ва ташкилотлар ҳамда халқаро ташкилотлар вакиллари «Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун» кўкрак нишони билан тақдирланди. 

Тақдирлаш маросими Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 31 йиллиги, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 75 йиллиги ва 10 декабрь — Халқаро инсон ҳуқуқлари куни муносабати билан эълон қилинган "Инсон ҳуқуқлари ўн кунлиги" доирасида ўтказилди. 

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов тадбирни очар экан, янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясида инсон ҳуқуқларига оид нормалар уч баробардан ортиқ кўпайганини алоҳида таъкидлади. Мазкур конституциявий нормалар ва Ўзбекистон қўшилган инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро шартномалар талабларидан келиб чиқиб, мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда инсон ҳуқуқлари маданиятини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Бунда, шунингдек, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим ва тарбияни оилада, мактабгача таълимда, мактаб ёшида, олий таълимда, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари каби профессионал институтлар, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда оммавий ахборот воситалари орқали узлуксиз давом эттириш муҳим аҳамиятга эга. Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан таъсис этилган «Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун» кўкрак нишони айни соҳадаги масъулиятли ишларга елкадош бўлаётган фидойи юртдошларимиз ва хорижий ҳамкорларимизни рағбатлантиришда ўзига хос ўрин тутади.

Тақдирлаш маросимида эълон қилинганидек, 2023 йилда 5 та номинация – «Инсон

ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги амалий ишлар”, «Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги нодавлат ташкилотлардаги фаолият», «Инсон ҳуқуқлари тарғиботи», «Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим ва илмий тадқиқотлар», шунингдек, “Инсон ҳуқуқлари соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш” йўналишларида қўшган ҳиссаси учун 16 нафар номзод “Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун” кўкрак нишони билан тақдирлашга муносиб деб топилди. Хусусан:

I. Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги амалий ишлари учун:

Бурхонов Кутбиддин Нукритдинович – Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси;

Ширинов Джаҳонгир Джабборович – Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси;

Шлимбетов Женисбай Қурбанбаевич – Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг Қорақалпоғистон Республикаси бўйича минтақавий вакили;

Ниязметова Гулрух Кураловна – Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги Давлат меҳнат назорати инспекцияси бошлиғи ўринбосари;

II. Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги нодавлат ташкилотлар фаолияти учун:

«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати;

«Мадад» – муассаса шаклидаги нодавлат нотижорат ташкилоти;

Ўзбекистон Республикаси Нотариал палатаси;

III. Инсон ҳуқуқлари тарғиботи бўйича фаолияти учун:

«Тонг юлдузи» газетаси таҳририяти;

КУН.Уз сайти таҳририяти;

Ремко Реддинг (Нидерландиялик журналист) – тадқиқотчи, ёзувчи ва журналист, совет фахрийлари жамғармаси директори;

IV. Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим ва илмий тадқиқотлари учун:

Ўзбекистон Республикаси Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси;

Оқюлов Омонбой – Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Давлат ва ҳуқуқ институти бош илмий ҳодими, юридик фанлар доктори, профессор;

Бакаева Фарида Хаджмуратовна – Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази собиқ бўлим бошлиғи, юридик фанлар номзоди;

V. Инсон ҳуқуқлари соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун:

Мартин Чунгонг – Парламентлараро Иттифоқ Бош котиби;

Жанни Магазенни – БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармаси UPR бўлимининг собиқ бошлиғи, UPR-Info Бошқаруви аъзоси;

Бахтиёр Райисович Тузмухамедов – БМТ Қийноқларга қарши қўмитаси раис ўринбосари, юридик фанлар номзоди, профессор. 

 Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов “Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун” кўкрак нишонини эгаларига тантанали равишда топширди.

Совриндорлар номидан сўзга чиққан халқаро ва миллий ташкилотлар, илмий-таълим муассасалари, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари миннатдорчилик изҳор этиб, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро шартномаларда белгиланган мажбуриятларига қатъий ва сидқидилдан амал қилиб келаётганини эътироф этдилар. 

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг