Валюта курслари 02/10/2024
$1 – 12739.99
UZS – 0.19%
€1 – 14256.05
UZS – 0.46%
₽1 – 136.83
UZS – -0.12%
Қидириш
Ўзбекистон 22/02/2019 Инновацион ривожланиш вазири Жаҳон банки миссияси раҳбари билан учрашди
Инновацион ривожланиш вазири Жаҳон банки миссияси раҳбари билан учрашди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Инновацион ривожланиш вазирлигида 21 февраль куни Жаҳон банки миссияси раҳбари, Европа ва Марказий Осиё минтақаси бўйича молия, рақобатбардошлик ва инновациялар соҳасидаги глобал амалиёт директори Альфонсо Гарсиа Мора ва етакчи иқтисодчи ва мақсадли гуруҳ раҳбари Стефки Славовой билан учрашув бўлиб утди.

Суҳбат чоғида вазирлик ва Жаҳон банкининг амалга оширилаётган ва режалаштирилган ишлари муҳокама қилинди. Жумладан, “Институционал имкониятларни кенгайтиришга техник кўмаклашиш” кредит линиясини тайёрлаш ва инновациялар бўйича янги кредит линиясини очиш масалалари диққат марказида бўлди. Жаҳон банки Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларни янада жадаллаштиришга қандай кўмак бера олиши ҳақида гапирилар экан, юртимизнинг инновацион ривожланиш йўлини танлаб, инсон капиталига катта эътибор берилаётгани эътироф этилди.

Инновацион ривожланиш вазири И.Абдураҳмонов бугунги кунда ҳукуматимиз томонидан илмий-тадқиқот ишларига алоҳида эътибор қаратилаётгани, айни кунларда Давлат илмий-техник дастурлари доирасидаги лойиҳалар танлови ғолибларига грантлар бериш жараёни бошлангани ҳақида сўзларкан, узоқ йиллардан бери илк бор амалий аҳамиятга эга лойиҳаларга алоҳида эътибор қаратилганини таъкидлади. Илм-фанни молиялаштириш тизими кейинги йилларда ўзгаргани – энди илмий-тадқиқот институтларга эмас, балки алоҳида лойиҳаларга мақсадли маблағ ажратилаётгани ва қўлга киритилган илмий изланишлар натижалари амалиётга татбиқ этилиши кутилаётганини айтиб ўтди.

Инновацион тадқиқотлар олиб бориш учун ҳуқуқий базани яратиш ва амалий тадқиқотларни янада қўллаб-қувватлаш талаб этилаётган бугунги кунда илмий ишланмаларни тижоратлаштириш, стартап лойиҳаларни молиялаштириш ва стартапчилар билан малакали менторлар ишлашини таъминлаш, инновацион марказлар фаолиятини такомиллаштириш каби йўналишлар ривожи юртимизда олиб борилаётган ислоҳотлар суръати ва натижадорлигини белгилаши ҳақида фикр алмашилди.

Учрашув дўстона руҳда ўтди. Иштирокчилар музокараларни давом эттириб, икки томон учун манфаатли келишувларга эришишларига умид қилишларини билдирди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг