Валюта курслари 26/11/2024
$1 – 12814.78
UZS – -0.11%
€1 – 13442.70
UZS – 0.73%
₽1 – 123.50
UZS – -1.13%
Қидириш
Иқтисод 31/01/2023 Инфратузилма тармоқларига инвестиция киритиш орқали иқтисодий ўсишни таъминлаш мумкинми?
Инфратузилма тармоқларига инвестиция киритиш орқали иқтисодий ўсишни таъминлаш мумкинми?

Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти (ПМТИ) экспертлари инфратузилма тармоқларига киритилган инвестицияларнинг иқтисодий тараққиётга таъсирини баҳолади.

ПМТИ экспертлари хорижий тажрибани ўрганиш асосида соғлиқни сақлаш, таълим, электр энергияси ва сув таъминоти, йўл-транспорт, маълумотларни қайта ишлаш ва узатиш тизимларини ривожлантиришга киритилган инвестицияларнинг Ўзбекистондаги иқтисодий ўсишга таъсирини баҳоловчи эластиклик коэффициентини ҳисоблаб чиқди.

Ҳисоб-китоблар Ўзбекистоннинг 14 та ҳудуди кесимида 2010-2021 йилларда ушбу

тармоқларга киритилган инвестициялар ва ялпи ҳудудий маҳсулот (ЯҲМ) бўйича панел маълумотлар асосида жуфт регрессия моделларини тузиш орқали амалга оширилди.

Тадқиқот давомида инфратузилма тармоқларига инвестицияларнинг киритилиши иқтисодий тараққиётга қуйидагича таъсир кўрсатиши илмий жиҳатдан асослаб берилди:

- инфратузилманинг барча тармоқларига киритилган инвестициялар иқтисодий ўсишга ижобий таъсир кўрсатади;

- инсон капиталини ошириш билан боғлиқ инфратузилмага киритилган инвестисиялар энг юқори таъсир (эластиклик коэффициент) га эга, яъни таълим ва соғлиқни сақлаш тизимларига киритиладиган инвестициялар 1% га ошганда, ЯҲМ мос равишда 0,52% ва 0,43% га ўсади;

- транспорт ва рақамлаштириш соҳаларини ривожлантириш учун киритилган инвестициялар ҳам иқтисодиётнинг ривожланиши учун муҳим аҳамиятга эга, яъни ушбу тармоқларга йўналтирилган инвестициялар 1% га ошганда, ЯҲМ мос равишда 0,32% ва 0,30% га ўсади.

Электр энергияси ва сув таъминоти тармоқларига киритиладиган инвестицияларнинг таъсири (эластиклик коэффициенти) бошқа инфратузилма тармоқларидагига нисбатан пастроқ, яъни ушбу соҳаларга йўналтирилган инвестицияларнинг 1% га ошиши ЯҲМнинг мос равишда 0,16% ва 0,08% ўсишига олиб келади. Назарияга кўра, бундай натижа ушбу соҳаларга киритилган инвестициялар нисбатан узоқроқ вақтдан сўнг иқтисодий фойда келтириши билан изоҳланади. Шу билан бирга, ушбу тармоқлар бошқалар соҳаларнинг ривожланиши учун асос эканлигини ёддан чиқармаслик лозим. Уларни ривожлантирмасдан, иқтисодиётнинг бошқа тармоқларига инвестиция киритиш кутилган натижани бериши қийин.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг