Валюта курслари 30/09/2024
$1 – 12715.42
UZS – -0.17%
€1 – 14190.41
UZS – -0.02%
₽1 – 137.00
UZS – -0.44%
Қидириш
Ўзбекистон 28/03/2019 Икки ёки ундан ортиқ манбалардан даромад олган жисмоний шахслар декларация тақдим этишлари шарт
Икки ёки ундан ортиқ манбалардан даромад олган жисмоний шахслар декларация тақдим этишлари шарт

Ташкент, Узбекистан (UzDaily.uz) – Давлат солиқ қўмитаси раҳбариятининг ОАВ вакиллари билан учрашуви бўлиб ўтди. Унда Давлат солиқ қўмитаси янги форматда иш юритишга ўтгани ва фаолиятида аҳоли билан мулоқот қилиш учун доимо очиқ ва шаффофликка эътибор қаратиши алоҳида таъкидланди.

Матбуот анжумани жисмоний шахслар жами йиллик даромадларини декларациялаш тизимининг ўзига хос хусусиятлари ва кўчмас мулк объектлари ижара шартномаларини солиқ хизмати органларида ҳисобга қўйиш тартибига бағишланди.

Тадбирда икки ёки ундан ортиқ манбалардан даромад олган жисмоний шахслар томонидан жами йиллик даромадлари ҳақида декларация тақдим этиш тартиблари, муддати ва солиқларни ҳисоблашнинг ўзига хос хусусиятлари,  кўчмас мулк объектлари ижара шартномаларини давлат солиқ хизмати органларида ҳисобга қўйиш тартиби бўйича батафсил маълумот берилди.

Декларация бевосита жисмоний шахснинг доимий яшаш жойидаги давлат солиқ хизмати органига, почта орқали буюртма хат шаклида, шунингдек, электрон шаклдаги ахборот тарзида ва Интернет тармоғи орқали тақдим этилиши мумкин.

Таъкидланганидек, 315,4 минг нафар жисмоний шахс Солиқ кодексининг 189-моддасига асосан 2018 йил учун декларация асосида солиқ солинадиган даромадга эга.

Жорий йилнинг ўтган даврида жисмоний шахснинг 272,6 минг нафаридан ёки 86,4 фоизидан йиллик декларация олинган.

Жорий йилда қабул қилинган 272,6 мингта декларациянинг 1,5 мингтаси электрон шаклда ва 271,1 мингтаси давлат солиқ хизмати органлари орқали тақдим қилинган.

Шунингдек, тадбир давомида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 25 майдаги қарорига асосан, 2019 йил 1 январдан бошлаб кўчмас мулкни ижарага бериш шартномаларини мажбурий нотариал тасдиқлаш бўйича талаб бекор қилинди ва ижара шартномаларини давлат солиқ хизмати органларида мажбурий ҳисобга қўйиш тартиби ўрнатилганлиги юзасидан йиғилганларга ахборот берилди.

Кўчмас мулкини ижарага бермоқчи бўлган жисмоний шахслар ижара шартномаларини Давлат солиқ қўмитасининг расмий сайтидаги шахсий кабинет орқали ёки бевосита яшаш жойидаги давлат солиқ инспекцияларига ташриф буюрган ҳолда белгиланган шаклдаги сўровномани тақдим этиш орқали давлат солиқ органларида ҳисобга қўйиши мумкин.

Шартномани ҳисобга қўйиш учун давлат солиқ хизмати органлари томонидан ҳеч қандай ҳақ олинмайди ва ижарага берувчи жисмоний шахс томонидан давлат солиқ хизмати органига кўчмас мулкни ижрага беришдан олинган даромадлар бўйича дастлабки декларацияни тақдим этиш талаб қилинмайди.

Давлат солиқ хизмати органларида жорий йилнгинг ўтган даврида 52,7 мингта кўчмас мулк ижара шартномалари рўйхатга олинган бўлиб, уларнинг 38,9 мингтаси жисмоний шахслар ўртасида, 13,7 мингтаси жисмоний ва юридик шахслар ўртасида мулкни ижарага бериш бўйича тузилган шартномалардир.

Шунингдек, анжуман давомида ОАВ фуқароларнинг, айниқса, ёшларнинг солиқ маданиятини оширишда муҳим роль ўйнаши таъкидланди. Давлат солиқ қўмитаси ва унинг барча ҳудудий бўлинмалари солиқ тўловчилар билан амалий суҳбатлар ўтказишга, бу соҳада аҳолини қийнаётган муаммоларга ечим излашга тайёр эканлиги қайд этилди. Бу йўлда “ишонч телефонлари”нинг узлуксиз фаолияти йўлга қўйилиб, ижтимоий тармоқлардаги саҳифалар янада фаоллаштирилади ҳамда шу орқали ҳар бир фуқарога мурожаат этишнинг қулай имкониятлари яратилади.

Манба: Давлат солиқ қўмитаси Матбуот хизмати.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг