Ижтимоий иш соҳасидаги муносабатлар тартибга солинади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Мажлисда “Ижтимоий иш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси атрофлича кўриб чиқилди.
Ушбу қонун лойиҳаси билан ижтимоий иш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий принциплари, ижтимоий иш соҳасида махсус ваколатли давлат органи ҳамда унинг ваколатлари, ижтимоий ходимнинг вазифалари ва мажбуриятлари белгиланмоқда.
Оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган ижтимоий ҳимояга муҳтож шахслар (оилалар)нинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш, ижтимоий ишни ташкил этиш ҳамда ижтимоий ҳимоя соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш назарда тутиляпти.
Шунингдек, давлат томонидан ижтимоий ҳимояга муҳтож шахслар (оилалар)нинг оғир ижтимоий вазиятдан чиқишга ва жамият ҳаётида иштирок этиши учун бошқа шахслар билан тенг бўлган имкониятларни яратишга қаратилган кафолатланган чора-тадбирларнинг амалга оширилиши белгилаб берилмоқда.
Лойиҳада ижтимоий ҳимояга муҳтож оила (шахс)ни аниқлаш ва уларни ижтимоий ҳимояга муҳтож оила (шахс) деб топиш асослари, ижтимоий хизматлар ва ёрдамдан фойдаланувчиларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари ҳам акс этмоқда. Қолаверса, ижтимоий хизматлар ва ёрдамнинг турлари ва шаклларига аниқлик киритиляпти.
Мажлисда қайд этилганидек, мазкур қонун лойиҳаси Қонунчилик палатасининг шу йил 29 июль куни бўлиб ўтган мажлисида кўриб чиқилиб, унда назарда тутилаётган айрим нормалар бўйича бир қатор саволлар ўртага ташланган эди.
Хусусан, лойиҳада ижтимоий иш соҳасида Вазирлар Маҳкамасига берилаётган бир қанча ваколатлар, ижтимоий хизматларни кўрсатувчилар реестри тўғрисидаги нормада янги бир реестр, яъни ижтимоий хизматлар ва ёрдамдан фойдаланувчилар реестри келтирилгани, лекин бу реестрнинг ким томонидан юритилиши масаласи аниқ белгиланмагани қайд этилиб, мазкур масалаларга аниқлик киритиш сўралганди.
Ўтган вақт мобайнида масъул қўмита томонидан депутатлар билдирган қатор таклифлар чуқур таҳлил қилиниб, улар асосида лойиҳадаги айрим нормалар такомиллаштирилди. Жумладан, Конституциямизнинг 19-моддаси учинчи қисмида “ижтимоий адолат принциплари” баён этилгани, бу таҳрир бир нечта ҳуқуқий принциплар мажмуи сифатида талқин этилишини, шу билан бирга, назарий жиҳатдан “ижтимоий адолат принциплари” инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш, мутаносиблик ҳамда шу каби бошқа ҳуқуқий принципларни ўз ичига олганини инобатга олиб, қонун лойиҳасининг 7-моддаси чиқариб ташланмоқда.
Шу билан бирга, лойиҳанинг аввалги 13-модда, ҳозирги 12-моддасида Вазирлар Маҳкамасининг ижтимоий иш соҳасидаги ваколатларига бошқа вазифалар юклатилаётганини инобатга олиб, таҳририй ўзгартириш киритилмоқда.
Бундан ташқари, қонун лойиҳасининг “Ижтимоий ходимнинг фаолиятига нисбатан чекловлар”га бағишланган моддаси ишчи гуруҳ томонидан қайта кўриб чиқилиб, ўзгартиришлар киритилди. Ушбу моддада жинсий эркинликка қарши жиноятларни содир этган шахслар ижтимоий ходим сифатида фаолият юритишига нисбатан чекловлар белгиланмоқда.
Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди ва Сенатга юборилди.