Валюта курслари 29/11/2024
$1 – 12865.05
UZS – 0.13%
€1 – 13550.76
UZS – 0.28%
₽1 – 116.73
UZS – -2.78%
Қидириш
Ўзбекистон 10/07/2022 «Иғвогарлар фитнаси»
«Иғвогарлар фитнаси»

Халқимизда «Бир кун уруш бўлган жойдан қирқ кун барака кетади», деган нақл бор. Боиси, қут-барака ариган ерда хотиржамлик, эртанги кунга умид ҳам сўнади. Айрим ғаламислар эса асл муддаоларига етиб, ўз оға-инисига мушт туширган миллат устидан кулиб кетаверади.

Юртимиз кўп миллатли мамлакат. Бир юз ўттиздан ортиқ миллат ва элатлар истиқомат қиладиган ватанимиздаги халқларнинг дўстона ҳаёти, биродарчилик тутимлар асосидаги турмуш тарзи ҳавас қиларлидир.

Қўни-қўшни бўлиб яшаётган, миллий байрамларида бир-бирини қутлаётган юртдошларимизни кўриб, ҳаётдаги энг катта бойлик тинчлик эканлигини чуқур ҳис этасиз.

Бироқ сўнгги икки кунда Қорақалпоғистонда рўй бераётган воқеалар ҳаммамизни саросимага солиб қўйди. Президентимиз 2-3 июль кунлари Нукус шаҳрига ташриф буюриб, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутатлари ва жамоатчилик вакиллари билан учрашди.

Қорақалпоғистоннинг ўзига хос этник, маданий хусусиятлари, миллий урф-одат ва қадриятлари, алоҳида ҳуқуқий мақомини эътиборга олиб, лойиҳадаги Қорақалпоғистон Республикасининг ҳуқуқий мақомига оид нормаларни ўзгартиришсиз қолдириш зарурлигини таъкидлади. Бу эса Конституциянинг 70, 71, 72, 73, 74, 75-моддалари ўзгаришсиз қолдирилади, дегани.

Шу нуқтаи назардан, ўзбек ва қорақалпоқ халқлари ўртасидаги қардошлик, ўзаро ҳурмат ва меҳр-оқибат, оғизбирчилигимизни асраб-авайлаш, юртимизда ҳукм сураётган тинчлик ва барқарорлик муҳитини сақлаш барчамизнинг бурчимиздир. Зотан, Янги Ўзбекистон, Янги Қорақалпоғистонни ҳаммамиз биргаликда қурамиз.

Кўпни кўрган катталаримиз билиб айтишади: этни тирноқдан ажратиб бўлмайди. Ўзбек ва қорақалпоқ халқини нафақат ягона мамлакат, балки неча асрлик орзу-умид ва интилишлар, яшаш тарзи, урф-одатлар ҳам бирлаштириб туради.

Ўз вақтида икки халқ сув келса симириб, тош келса кемириб, биргаликда барча синовларни енгиб ўтган. Аммо тарих, қадрият, анъаналарни эъзозламаган, ўз манфаатини бутун бир мамлакатнинг манфаатидан устун қўйган айрим популистларнинг ноқонуний ҳаракати, чалғитиши тинч, осуда ҳаёт кечираётган қорақалпоғистонликларнинг тинчлигига раҳна солди.

Инсоният яратилибдики, доимо ўзи ва атрофдагиларнинг эҳтиёжларини қоплашга, бугун кечагидан кўра яхшироқ яшашга интилади. Тинимсиз меҳнат қилиш, сабр-қаноат қилиш орқали ўзи ва оиласига фаровон турмуш шароитини яратади.

Бундай шароитни яратиш эса ўз-ўзидан бўлиб қолмайди. Бунинг учун турли хил машаққат, синовлар, тўсиқларга барҳам беришга, муттасил равишда меҳнат қилишга тўғри келади. Лекин энг ачинарлиси, тўкис, тинч ҳаёт айрим ғаламисларга хуш келавермайди. Қийинчилик билан эришилган маррани бузиб ташлашдан осони йўқ, аслида.

Президентимизнинг Қорақалпоғистонда фавқулодда ҳолатни эълон қилиш билан боғлиқ фармонларининг тагзамирида ҳам доимо тинчлик, барқарорлик учун интилган, ҳалол меҳнат қилиб ўз оиласи, юртига фойдаси тегаётган халқимизнинг манфаатини ҳимоя қилиш мақсади турганини ҳаммамиз кўриб, билиб турибмиз.

Бошқача айтганда, бунёдкор ғоя бузғунчи ғояни мағлуб этишига эришишимиз учун ҳам қорақалпоғистонлик ҳамюртларимиз маълум муддат айрим турдаги чекловларга риоя қилишлари керак бўлади.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг