Валюта курслари 22/11/2024
$1 – 12844.21
UZS – -0.09%
€1 – 13508.26
UZS – -0.46%
₽1 – 127.35
UZS – -0.63%
Қидириш
Иқтисод 25/04/2024 Ҳудудларнинг иқтисодий ривожланишида саноат ва хизмат кўрсатиш соҳалари муҳим аҳамият касб этмоқда
Ҳудудларнинг иқтисодий ривожланишида саноат ва хизмат кўрсатиш соҳалари муҳим аҳамият касб этмоқда

Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) экспертлари 2017-2023 йилларда Ўзбекистон ҳудудлари бўйича ялпи ҳудудий маҳсулотнинг ўсишини таҳлил қилди.

2017-2023 йилларда Ўзбекистонда ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) ишлаб чиқариш ҳажми 137,3 фоизга (1,4 баробар) ошиб, 2023-йилда 1066,6 трлн. сўмни ташкил этди. Мамлакатимизнинг 8 та ҳудуди, жумладан Тошкент шаҳри, Наманган, Тошкент, Андижон, Фарғона, Навоий, Сирдарё ва Жиззах вилоятларида маҳаллий табиий-иқтисодий салоҳиятдан самарали фойдаланиш, истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш ҳисобига ялпи ҳудудий маҳсулотнинг (ЯҲМ) жадал ўсиши (139-170 фоиз) таъминланди.

Пандемиядан кейинги даврда Андижон, Бухоро, Самарқанд, Сирдарё, Тошкент вилоятларида қисқа муддатда иқтисодий ривожланишда барқарорлик таъминланди (2020-йилда ўртача 102 фоиздан, 2022-2023 йилларда – ўртача 105-106 фоизгача).
2017-2023 йилларда ҳудудларда ЯҲМнинг ўсишига қуйидаги тармоқлар сезиларли ҳисса қўшди:

- Андижон, Навоий, Сирдарё вилоятларида ЯҲМ ўсишини таъминлашда саноат сектори (ҳудудда ЯҲМнинг ўртача йиллик ўсишида 1,6-3,7 фоиз) сезиларли аҳамиятга эга бўлди; 

- Қорақалпоғистон Республикаси, Қашқадарё, Самарқанд, Сурхондарё,
Бухоро вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида ЯҲМ ўсишини таъминлашда хизмат кўрсатиш соҳаси (ЯҲМнинг ўртача йиллик ўсишида 1,8-4,9 фоиз) етакчи тармоқ сифатида қайд этилди. 

ЯИМнинг аҳоли жон бошига тўғри келадиган ҳажми 2023-йилда 29,3 млн. сўмни ташкил этиб, иқтисодий ривожланган ҳудудларнинг мавқеи мустаҳкамланди. Бу Навоий (2017-йилдаги 2,0 баробардан 2023-йилда 2,6 баробарга), Тошкент (1,0 баробардан 1,2 баробарга) вилоятлари ва Тошкент шаҳри (1,6 баробардан 2,1 баробарга) ва республика кўрсаткичлари ўртасидаги фарқ ошганлигида намоён бўлди.
2017-2023 йилларда мамлакатнинг иқтисодий ривожланган ҳудудларини ҳисобга олмаган ҳолда 6 та ҳудудда (Андижон, Бухоро, Жиззах, Наманган, Сирдарё, Хоразм вилоятлари) ЯҲМнинг аҳоли жон бошига тўғри келадиган улуши ўртача республика кўрсаткичига (Тошкент шаҳри, Навоий ва Тошкент вилоятлари бундан мустасно) яқинлашгани қайд этилди.

"Ўзбекистон – 2030" стратегиясида «драйвер» соҳаларни ривожлантириш ва ҳудудлар салоҳиятидан тўлиқ фойдаланиш кўзда тутилган бўлиб, 2030-йилга қадар иқтисодиёт ҳажмини 2 баробар ошириш ва «даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар» қаторига кириш режалаштирилган. Бунда ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан комплекс ривожлантириш борасида қуйидаги чора-тадбирларни амалга ошириш кўзда тутилган:

- туман ва шаҳарларнинг мастер режаларини аҳоли ва тадбиркорлар фикрини инобатга олган ҳолда ишлаб чиқиш;

- ҳудуднинг узоқ муддатли ижтимоий-иқтисодий ва демографик ривожланишини инобатга олган ҳолда жойларда қулай муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилмаларни яратиш;

- аҳоли фаровонлигини таъминлаш ва тадбиркорликни ривожлантиришда маҳаллани жамоатчилик ҳамда давлат органлари ўртасидаги «таянч кўприк»ка айлантириш ва бошқалар.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг