Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Давлат мулки объектларини кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига сотиш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарорига мувофиқ ташкил этилган кичик саноат зоналари тадбиркорлик субъектлари фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва янада ривожлантириш билан бир қаторда ҳудудларнинг саноат салоҳиятини оширишга хизмат қилиши билан ҳам жуда муҳим аҳамият касб этади.
Маълумки, ихтисослашган кичик саноат зоналарининг ташкил этилиши замонавий рақобатдош маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш турларини ташкил этиш, янги иш ўринлари яратиш ҳамда аҳоли даромадларининг ўсишини таъминлашга, мамлакат ялпи ички маҳсулот ҳажмини ошириш ва ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда муҳим роль ўйнайди. Ташкил этилган кичик саноат зоналарининг диққатга сазовор жиҳатларидан бири шундаки кичик саноат зоналарида тадбиркорлик субъектларини жойлаштириш бўйича ишлаб чиқилган лойиҳаларга мувофиқ зарур муҳандислик коммуникациялари ва инфратузилмалар қурилиши мутасадди ташкилотлар маблағлари ҳисобидан амалга оширилади ҳамда эҳтиёжга кўра узлуксиз электр энергияси ва газ билан таъминлашни зиммасига олади.
- O’zLiDeP Сайловолди дастурида Ўзбекистоннинг иқтисодий ривожланган демократик давлатлар қаторидан ўрин эгаллаши мамлакатимиз ялпи ички маҳсулотида кичик бизнес улушини изчил ошириш борасидаги стратегик вазифа билан бевосита боғлиқлиги, кичик бизнеснинг саноат ишлаб чиқаришидаги улушини ошириш учун қулай шароитлар яратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилиши белгилаб қўйилган, - дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракция аъзоси Қутлимурод Бабашев. — O’zLiDeP бу борада ушбу масалаларни комплекс ҳал этиш учун Ўзбекистонда кенг кўламли ислоҳотлар, аниқ ҳаракат дастурлар ва чора-тадбирлар амалга оширилаётганлигини алоҳида эътироф этади. 2015-2019 йилларда ишлаб чиқаришни таркибий ўзгартириш, модернизация ва диверсификация қилишни таъминлаш чора-тадбирлари дастури ҳамда 2015-2019 йилларда тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар ва материалларни ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш дастурлари шулар жумласидан.
Президентимиз қарорига мувофиқ давлат мулкидан оқилона ва самарали фойдаланишни, фойдаланилмаётган ҳамда қурилиши тугалланмаган давлат мулки объектларини, бўшаётган ер участкаларидан самарали фойдаланиш мақсадида замонавий рақобатдош маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш турларини ташкил этиш, янги иш ўринлари яратиш ҳамда аҳоли даромадларининг ўсишини таъминлаш учун кичик саноат зоналарининг барпо этилиши, тадбиркорлик субъектларига ўртача 20-30 сотихдан ер участкалари ажратиб берилганлиги бу том маънода Давлатимиз раҳбари таъкидлаганларидек кичик бизнес ва тадбиркорликка янада кенг йўл очиб бериш ҳисобидан олдинга юришдир.
Мазкур кичик саноат зоналарида тадбиркорлик субъектларининг маҳаллий ҳокимликлар томонидан “Давархитектқурилиш” қўмитаси, “Ергеодезкадастр” давлат қўмитаси ва бошқа тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда барча зарур муҳандислик коммуникациялари ва инфратузилмаси билан жойлаштириш тадбиркорлик фаолиятини самарали олиб бориш учун жуда катта қулайлик яратиш баробарида кичик бизнес субъектлари учун вақт ва маблағ жиҳатидан муҳим бўлган бир қатор долзарб масалаларнинг энг мақбул ечими ҳисобланади.
Бугунги кунда кичик саноат зоналари фаолияти Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган “Кичик саноат зоналарини барпо этиш ва уларнинг фаолиятини ташкил қилиш тартиби тўғрисида”ги низоми билан тартибга солинган. Кичик саноат зоналарида тадбиркорлик субъектларини жойлаштиришнинг ишлаб чиқилган лойиҳалари бўйича ер участкалари тадбиркорлик субъектларига янги иш ўринлари яратиш борасида инвестиция мажбуриятларини қабул қилиш шарти билан танлов асосида ажратилади. Бу ўз фаолиятида ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатишни ташкил этиш ёки кенгайтиришни режалаштираётган тадбиркорлик субъектлари учун ҳам ҳудудда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга масъул тузилмалар учун ҳам айни муддаодир.
—Президентимиз қарорига кўра Андижон, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Наманган, Сурхондарё ва Хоразм вилоятларида 300 гектардан ортиқ ер майдонида 53та кичик саноат ҳудудлари ташкил этилиш белгиланган, - дейди O’zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитасида масъул ходими Ботир Мардаев. —Шундан 5 таси вилоят миқёсидаги кичик саноат ҳудудларидир. Кичик саноат зоналари ҳудудидаги ишлаб чиқариш майдонлари тадбиркорлик субъектларига давлат кўчмас мулкидан фойдаланганлик учун энг кам ижара тўлови ставкаси бўйича, ижарага олинган майдонда амалга ошириладиган фаолият туридан келиб чиққан ҳолда, тегишли коэффициентларни қўлламасдан узоқ муддатли ижарага берилади. Ҳудудларда яратилган қулай ишбилармонлик муҳити, тадбиркорларга барқарор фаолият юритиш ва доимий иш ўрни яратишга хизмат қилади. Шу ўринда алоҳида қайд этиш жоизки, айнан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари фаолиятини ўз сармоясини бино ва иншоотлар сотиб олишга сарфлагандан кўра эҳтиёжига яраша жойни узоқ муддатли доимий ижарага олган ҳолда маблағини эса фаолиятини янада ривожлантириш учун йўналтириш ҳар томонлама фойдалидир.
Давра суҳбатида кичик саноат ҳудудларида танлов комиссиялари томонидан қурилиш маҳсулотлари билан бир қаторда озиқ-овқат, енгил саноат ва кенг аҳоли истеъмоли учун зарур бўлган, шунингдек, асоссиз импорт қилинаётган маҳсулотларни ишлаб чиқаришга алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги қайд этилди. Шунингдек, ҳукуматимиз томонидан яратилган бу каби қулайликлар ишлаб чиқаришнинг тўлиқ циклини ташкил этишда, яъни хом ашёни истеъмол учун тайёр маҳсулотга айлантириш босқичида кичик бизнес субъектларининг ўзига хос афзалликларидан самарали фойдаланишга хизмат қилади.
Шунингдек, кичик саноат зоналари фаолиятини кенгайтириш ва янада ривожлантириш, бу борадаги ташкилий-ҳуқуқий асослар ва молиявий манбаларни янада мустаҳкамлаш, ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолати, имконияти ва салоҳиятидан келиб чиқиб жойларда турли йўналишларда янги кичик саноат зоналарини ташкил этиш, кичик саноат зонаси иштирокчиларига самарали хизмат кўрсатиш, мазкур йўналишдаги илғор тажрибаларни кенг ёйиш, cоҳадаги қонун ҳужжатлари ижроси устидан депутатлик, парламент назоратини янада кучайтириш масаласида қатор амалий таклиф ва тавсиялар билдирилди. Тадбир якунида кичик саноат зоналари фаолиятини янада ривожлантиришга қаратилган хулоса ва тавсиялар қабул қилинди.