Валюта курслари 26/11/2024
$1 – 12814.78
UZS – -0.11%
€1 – 13442.70
UZS – 0.73%
₽1 – 123.50
UZS – -1.13%
Қидириш
Иқтисод 27/12/2022 Ҳудудларда сув ресурсларидан оқилона фойдаланилаяптими?
Ҳудудларда сув ресурсларидан оқилона фойдаланилаяптими?

Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти (ПМТИ) мутахассислари ҳудудларда сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини баҳолади.

Бутунжаҳон Метеорология ташкилоти маълумотларига кўра, 2050-йилга бориб, дунё муқёсида 5 миллиарддан ортиқ киши сув танқислигини бошидан кечириши мумкин.

Ҳозирги кунда сайёрамизда 2 миллиарддан ошиқ киши тоза ичимлик суви таъминотига эга эмас. Шунингдек, 3,6 миллиард киши йил давомида камида бир ойда бир маротаба сувдан етарли даражада фойдалана олмаслик муаммосига дуч келмоқда.

Жаҳон табиий ресурслар институти (WРИ) ва Британиянинг "Economist Intelligence Unit" ташкилоти тадқиқотларига кўра, 2040-йилга бориб, сув танқислигига энг кўп дуч келиши тахмин қилинаётган 33 та мамлакат орасида Марказий Осиё мамлакатлари, хусусан Ўзбекистон ҳам бор.

Иқтисодиёт тармоқларида фойдаланиладиган сув ресурсларининг 21,5% ини республика ҳудудидаги, 78,5%

ини қўшни мамлакатлар ҳудудидаги сув ресурслари ташкил этади. Улар асосан Амударё ва Сирдарё (61%), ички кичик дарё ва сойлар (35%), ерости сув захиралари (1%) ҳамда коллектор ва дренаж тизимларидан (3%) олинадиган сув ресурслари ҳисобига шаклланган. 

Тадқиқот доирасида 1 га ерни суғориш учун сарфланадиган сув миқдори, ўртача 1 куб метр сув ҳисобига етиштириладиган маҳсулот, ҳудудларда сувни тежовчи техногиялар қўлланиладиган майдонларнинг кенгайиши каби самарадорликни акс эттирувчи кўрсаткичлар асосида ҳудудларда сувдан фойдаланиш самарадорлиги индекси ҳисоблаб чиқилди.

Натижаларга кўра Андижон (0,816) ва Самарқанд (0,780) вилоятлари сувдан фойдаланишда юқори самарадорликка эришган бўлса, Тошкент (0,701), Жиззах (0,650), Навоий (0,630), Наманган (0,610) ҳамда Фарғона(0,605) вилоятларида нисбатан ўртача кўрсаткич қайд этилган.

Сўнгги йилларда тежамкорлик борасида кўрилган чора-тадбирлар натижасида сувни тежайдиган технологиялар (СТТ) қўлланиладиган майдонлар Навоий (28%), Андижон (23,6%), Жиззах (21,9%) вилоятларида кенгайиб бормоқда. 

Ҳисоб-китобларга кўра, Ўзбекистонда ЯИМнинг ҳар 1000 АҚШ долларига тенг қийматдаги улуши учун сарфланадиган сув миқдори АҚШдаги шу кўрсаткичдан 9,1 маротаба, Япониядагидан 8,6 маротаба, Германия ва Испаниядагидан 8,9 маротаба, Россия ва Хитойдагидан 8,4 маротаба юқори.

ЯИМ нинг сув сиғимкорлиги – бу маълум бирликдаги ялпи ички маҳсулотни яратиш учун сарфланган сув ресурслари миқдори. 

Бу эса ўз навбатида, республикамизда сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлиги аҳча паст эканлиги ҳамда ҳудудларда яратилган маҳсулот ва товарлар ҳажмига қараганда кўпроқ сув сарфланишини англатади.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, сувдан фойдаланиш самарадорлиги бевосита тежамкор технологияларни қўллаш, сув сарфини камайтирган ҳолда кўпроқ ва сифатли маҳсулот олиш чора-тадбирларини қўллаш билан боғлиқ. Шунингдек, ҳудудларда аҳолининг сувдан фойдаланиш маданиятини янада ошириш, сув тежамкор технологияларни ҳудуднинг хусусиятидан келиб чиққан ҳолда тўғри қўллаш зарур.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг