Валюта курслари 28/11/2024
$1 – 12848.38
UZS – 0.22%
€1 – 13512.64
UZS – 0.31%
₽1 – 120.07
UZS – -1.79%
Қидириш
Ўзбекистон 11/01/2023 Ҳудудлар иқтисодиётидаги тафовутни камайтириш учун қанча вақт керак?
Ҳудудлар иқтисодиётидаги тафовутни камайтириш учун қанча вақт керак?

Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти мутахассислари томонидан республика ҳудудлари иқтисодиётидаги тафовутлар таҳлил қилинди.

Дунё миқёсида иқтисодий беқарорлик юзага келган бугунги кунда ишлаб чиқариш фаолияти хорижий мамлакатлар билан бевосита боғлиқ, иқтисодиётида ташқи савдонинг улуши юқори бўлган ҳудудларга бу беқарорлик кучли таъсир қилиши мумкин. Хусусан, короновирус пандемияси туфайли 2020-йилда ҳудудлар иқтисодиётидаги тафовут ЯҲМнинг аҳоли жон бошига улуши бўйича 2019-йилдагига нисбатан 25% га, саноат маҳсулотларини ишлаб чиқаришнинг аҳоли жон бошига улуши бўйича 17% га ортди. Бу тафовут 2021-йилга келиб, мос равишда 3% ва 11% га қисқарган бўлсада, ҳозирги мавҳумлик шароитида келажакда ҳудудларни комплекс ривожлантиришни прогноз қилиш ҳамда табақалашув ортиб кетишининг олдини олиш учун мўлжалланган чора-тадбирларни ишлаб чиқиш долзарб масала ҳисобланади.

Маълумот учун: Тафовут деганда, ҳудудларнинг энг юқори ва энг паст қийматга эга кўрсаткичлари нисбати назарда тутилмоқда.

Тадқиқотда 2016-2021 йилларда ҳудудлар иқтисодиётидаги тафовутларнинг қисқариши ва уларнинг барқарор ҳолатга яқинлашиши Бета (β) яқинлашиш модели воситасида таҳлил қилинди. Ушбу неоклассик ўсиш моделига кўра, агар ҳудудлар бўйича ягона фарқ улар капиталининг бошланғич даражасида бўлса, кичик ҳажмдаги капиталга эга бўлган камбағал ҳудудлар йирик капиталга эга бўлган бой ҳудудларга қараганда иқтисодий жиҳатдан тезроқ ўсади. Бу эса ҳудудлар ўртасидаги номутаносибликнинг камайиб боришини англатади.

Қайси мамлакатни олиб қарамайлик, унинг пойтахти (йирик шаҳарлари) иқтисодиётининг кўлами бўйича бошқа ҳудудлардан бир қатор устун жиҳатларга эга бўлади. Ўзбекистон иқтисодиётидаги етакчи мавқеи туфайли Тошкент шаҳрига ҳам ҳудудлар ўртасидаги номутаносибликнинг асосий манбаи сифатида қараш мумкин. Шунингдек, унинг иқтисодий салоҳияти Тошкент вилоятининг иқтисодий кўрсаткичларига ҳам ижобий таъсир қилади. Мамлакат бўйича ишлаб чиқарилган истеъмол товарларининг 35,7% и, кўрсатилган хизматларнинг 44,9% и ҳамда ЯИМнинг 27,8% и уларнинг ҳиссасига тўғри келади. Шу боис улар яқинлашиш моделидан чиқариб ташланса, ҳудудлар ўртасидаги тафовут яққолроқ намоён бўлади. Юқоридагиларни инобатга олиб, тадқиқотда шартли Бета моделининг республикадаги 14 та ҳудуди учун (1-модел), Тошкент шаҳрисиз (2-модел) ва Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти иштирок этмаган (3-модел) вариантлари таҳлил қилинди.

Натижалар: Шартли Бета яқинлашиш моделининг учта варианти ҳам мамлакатимизда ҳудудларнинг иқтисодий барқарор ҳолатга яқинлашаётгани ва улар ўртасидаги табақалашув қисқараётганидан далолат беради. Чегарадош ҳудудларнинг мувофиқ тарзда ривожланиши ҳам иқтисодий ўсишга ижобий таъсир қилаётгани маълум бўлди. Шунингдек, оптик толали алоқа линияларини ўтказиш энг ривожланган ҳудудлар даражасига яқинлашишда ёрдам беради. Таҳлилдан энг ривожланган ҳудудларни чиқариб ташлаш эса бу омилнинг аҳамиятини пасайтиради. 

Барча ҳудудлар бўйича ҳисобланган Halflife кўрсаткичи тафовутни 50% га камайтириш учун 35 йил, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятини ҳисобга олмаганда эса 25 йил керак бўлишини кўрсатди.

Тадқиқот натижасида географик жойлашуви ҳамда иқтисодий ривожланиш кўрсаткичлари яқин бўлган ҳудудлар учун ҳудудий сиёсат йўналишларини аниқлаш ва улар бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқиш лозим, деган хулосага келинди. Масалан, Бета яқинлашиш модели Сурхондарё, Самарқанд ва Қашқадарё вилоятлари нафақат географик жиҳатдан, балки иқтисодий ўсиш суръати жиҳатидан ҳам яқин ҳудудлар эканлигини кўрсатди. Худди шундай, географик жиҳатдан яқин жойлашган Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятлари ЯҲМнинг аҳоли жон бошига улуши жиҳатидан, Хоразм, Бухоро ва Навоий вилоятлари иқтисодий ўсиш суръати бўйича ўхшаш ҳудудлар бўлиб, улар учун ривожланишнинг умумий йўналишларини белгилаш мақсадга мувофиқ.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг