“Henan Investment Group” компанияси билан лойиҳаларни амалга ошириш масалалари кўриб чиқилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Хитойга расмий ташрифнинг ишбилармонлик дастури доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Henan Investment Group” компанияси бош директори Чжу Хунбин билан учрашув ўтказди.
Хитойнинг энергетика ва инфратузилмани ривожлантириш соҳасидаги етакчи компанияларидан бири бўлган “Henan Investment” қурилиш, саноат, энергетика, экология ва соғлиқни сақлаш соҳаларида лойиҳаларни амалга оширмоқда. Компания активлари 50 миллиард доллардан зиёд.
Ўзбекистонда кўмир конларини ўзлаштиришда илғор технологик ечимларни жорий қилиш, замонавий электр станциялари, энергия сақлаш тизимларини лойиҳалаштириш ва қуриш, биомаҳсулотлар ишлаб чиқариш, чиқиндиларни қайта ишлаб, тоза энергия ишлаб чиқариш бўйича кооперация лойиҳаларининг амалий жиҳатлари муҳокама қилинди.
Давлатимиз раҳбари Хитой компанияси иштирокидаги лойиҳаларни ўз вақтида амалга ошириш учун алоҳида “йўл харитаси”ни қабул қилиш бўйича топшириқ берди.
#Шавкат Мирзиёев