Германиянинг KfW тараққиёт банки вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирининг маслаҳатчиси Жасур Қаршибоев Германиянинг KfW тараққиёт банки делегацияси билан учрашув ўтказди.
Учрашув давомида томонлар Ўзбекистон ва KfW банки ўртасидаги ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари юзасидан фикр алмашдилар. Айниқса, банк иштирокида амалга оширилаётган инвестиция лойиҳалари ва бюджетни қўллаб-қувватлаш дастурларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шу билан бирга, гендер тенглигини таъминлаш, барқарор ривожланиш ва ижтимоий-иқтисодий ўсиш каби йўналишлардаги амалдаги ва истиқболли ташаббуслар муҳокама қилинди.
Учрашув якунида томонлар ўзаро манфаатли ва самарали ҳамкорликни давом эттиришга тайёр эканликларини билдиришди. Бу ҳамкорлик Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги икки томонлама муносабатларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.