Валюта курслари 27/09/2024
$1 – 12736.48
UZS – -0.17%
€1 – 14193.53
UZS – -0.52%
₽1 – 137.60
UZS – -0.33%
Қидириш
Ўзбекистон 20/11/2020 “Геном бўйича давлат рўйхатига олиш тўғрисида”ги Қонун маъқулланди
“Геном бўйича давлат рўйхатига олиш тўғрисида”ги Қонун маъқулланди

 

Сенатнинг тўққизинчи ялпи мажлисида “Геном бўйича давлат рўйхатига олиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни муҳокама қилинди.

 

Таъкидлаш жоизки, ҳозирда содир этилаётган оғир ва ўта оғир турдаги жиноятлар тўлиқ фош этилиши ва жазо муқаррарлигини таъминлашни талаб этади. Бунда жиноятчилар томонидан ҳодиса жойларида ўз изларини қолдирмаслик мақсадида турли хил усуллардан фойдаланилмоқда.

 

Фош этилмаган жиноятлар эса ўз навбатида жиноятчиларга жазоланмаслик ҳиссини кучайтириб, келгуси жиноий фаолиятини давом эттиришга имкон бермоқда.  Шу боис мазкур Қонуннинг қабул қилиниши билан Геном ахбороти маълумотлар базаси ёрдамида жиноятларни очиш механизмининг жорий этилиши мураккаб ва ўта оғир ва очилмаган жиноятларнинг очилишига имкон яратади.

 

Мазкур Қонун қабул қилинишининг аҳамиятли томони шундаки, ушбу соҳага замонавий усул ва технологияларни жорий этиш алоҳида аҳамият касб этади. Ўз навбатида, чет эл тажрибаси жиноятчилик билан курашишда геном ахбороти маълумотлар базаси ёрдамида жиноятларни фош этиш муҳим аҳамият касб этиб, юқори самара бераётганлигини кўрсатмоқда.

 

Ҳозирги кунда жиноят содир этиш усуллари ҳам такомиллашиб бормоқда. Уларнинг асосий мақсади жиноят содир этилган жойда қолдириладиган изларни минималлаштиришдан иборат бўлиб, бу эса содир этилган жиноятларни очиш жараёнларини қийинлаштирмоқда. Геном ахборот маълумотлар базаси ёрдамида жиноятларни очиш механизмининг жорий этилиши нисбатан мураккаб, ўта оғир ва очилмаган жиноятларни очишга имкон яратиш билан бирга қилмиш учун жазо муқаррарлигини таъминлайди. 

 

Геном ахборотининг ягона маълумотлар базаси яратилиши ўз навбатида бедарак йўқолган шахсларни топиш ва топилган мурдаларнинг шахсини аниқлашда уларнинг яқин қариндошлари билан идентификация қилиш имконини яратади.

 

Суд-тергов органларининг исботлов базасини мустаҳкамлайди, оғир ва ўта оғир жиноятларни, шунингдек, жинсий эркинликка қарши жиноятларни содир этганлик учун ҳукм қилинган шахсларнинг геном ахбороти маълумотлар базасини юритиш орқали улар томонидан ушбу турдаги жиноятларни такроран содир этилишининг олдини олади.     

 

Шунингдек, Қонун билан бир қатор янгиликлар киритилмоқда.

 

Хусусан, қонунда биологик материал, геном бўйича давлат рўйхатига олиш, геномга оид ахборот ва унга ишлов бериш, геномга оид ахборотнинг ягона маълумотлар базаси, одам ДНКсининг суд-биологик экспертизаси шахснинг биологик қариндошлари каби тушунчаларига аниқлик киритилмоқда. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, қонунчиликка “Шахснинг биологик қариндошлари” деган янги тушунча ҳам кириб келди.

 

Геном бўйича давлат рўйхатига олиш доирасидаги ваколатли органларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгиланмоқда. Геномга оид ахборотларнинг ягона маълумотлар базасини юритишни амалга оширувчи ваколатли давлат органи – Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳисобланади. Геномга оид ахборот инсонга тегишли бўлган ўта нозик ва муҳим бўлган конфеденциал ахборот бўлгани боис унинг бут сақланиши ва махфийлигини таъминлайди.

 

Бундан ташқари, Қонунга мувофиқ Геном бўйича давлат рўйхатига олиш мажбурий ва ихтиёрий равишда амалга оширилади.

 

Мажбурий – оғир ва ўта оғир жиноятларни содир этишда гумон қилинувчи, айбланувчи сифатида жалб қилинган, оғир ва ўта оғир жиноятларни содир этганлик учун ҳукм қилинган шахслар, шунингдек, жинсий эркинликка қарши жиноятлар, ўн олти ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш ва ўн олти ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш билан боғлиқ жиноятларни содир этганлик учун ҳукм қилинган шахслар.

 

Шунингдек, шахси аниқланмаган шахсларнинг терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки тергов ва суд жараёнида олинган биологик материаллари, таниб олинмаган мурдалар (тана қолдиқлар, қисмлари) ҳам мажбурий равишда амалга оширилади.

 

Ихтиёрий – Геном бўйича давлат рўйхатига олиш Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг, чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ёзма аризаларига кўра пулли асосда амалга оширилади.

 

Бундан ташқари, бедарак йўқолган шахсларни қидиришга кўмаклашиш мақсадида уларнинг биологик қариндошлари бепул асосда геном бўйича ихтиёрий равишда давлат рўйхатига олишдан ўтиши мумкин. 

 

Қонун билан Геномга оид ахборотни олиш, унга ишлов бериш ва уни муҳофаза қилишнинг асосий талаблари белгиланмоқда.

 

Шунингдек, Геном бўйича давлат рўйхатига олинган ахборотдан:

 

- жиноятларнинг олдини олиш, уларни очиш ва тергов қилиш, шунингдек, уларни содир этган шахсларни фош этиш ва аниқлаш;

 

- бедарак йўқолган шахсларни қидириш;

 

- таниб олинмаган мурдаларнинг (тана қолдиқларининг, қисмларининг) шахсини аниқлаш;

 

- биологик қариндошликни аниқлаш мақсадида фойдаланилади.

 

Бу эса халқаро ҳуқуқ нормаларига тўла жавоб берадиган қонунийлик, инсонпарварлик, махфийлик принципларига амал қилинишини таъминлайди.

 

Яна бир жиҳат. Биологик материал ва Геномга оид ахборотни сақлаш муддатлари  ва йўқ қилиб ташлашнинг тартиблари белгиланмоқда.

 

Агар шахс ўзининг барча биометрик маълумотлари қонунийлик асосида давлат рўйхатига олинганлигини ҳис этса ва ҳар қандай жиноий қилмиши фош этилишини олдиндан англаб етса, аксарият вазиятларда бу жиноят қилишдан қайтаради.

 

Мажлисда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан тезкор-қидирув фаолиятида қонунийлик асосида шакллантирилган фуқароларнинг биометрик маълумотлари ҳақидаги маълумотлар базаси мамлакатимизда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, жамият ва давлат хавфсизлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.

 

Сенаторлар томонидан “Геном бўйича давлат рўйхатига олиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни маъқулланди. Қонун 2023 йил 1 январдан эътиборан кучга киради.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг