Валюта курслари 27/11/2024
$1 – 12820.47
UZS – 0.04%
€1 – 13470.47
UZS – 0.21%
₽1 – 122.26
UZS – -1.0%
Қидириш
Ўзбекистон 22/09/2023 Гендер зўравонликнинг олдини олиш бўйича тренинг ўтказилди
Гендер зўравонликнинг олдини олиш бўйича тренинг ўтказилди

20-21 сентябрь кунлари Тошкент шаҳрида “Озодликдан маҳрум этиш жойларида жинсий ва гендерга асосланган зўравонликнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш” мавзусида тренинг бўлиб ўтди. Ушбу ўқув машғулоти Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ва Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг (ЕХҲТ) мамлакатимиздаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси ўртасида келишилган “Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш миллий тизимининг барқарор ривожланишига кўмаклашиш” лойиҳаси доирасида ўтказилди.

Тренинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ва Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш департаменти томонидан ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ДИИҲБ)

ҳамда ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси офиси ҳамкорлигида ташкил этилди. Унда асосий эътибор жазони ижро этиш муассасаларида гендер зўравонликка қарши курашиш борасидаги халқаро стандартлардан хабардорликни оширишга қаратилди.

Тадбирнинг очилишида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори А.Саидов, Германия Федератив Республикасининг Ўзбекистондаги Элчиси Т.Клиннер, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси вазифасини бажарувчи С.Сизов, ЕХҲТ/ДИИҲБ Инсон ҳуқуқлари бўйича бўлими раҳбари А.Хубер, ЕХҲТ/ДИИҲБ инсон ҳуқуқлари бўйича мутахассиси И.Хартманн, Олий Мажлис Сенати Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси аъзоси Г.Маруфова, Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш департаменти бошқарма бошлиғи Ж.Султонов сўзга чиқди.

Хусусан, Акмал Саидов таъкидлаганидек, “Янги Ўзбекистонда қийноқлар ва зўравонликларнинг олдини олиш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Инсоннинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларига риоя этилишини назорат қилиш тизими шакллантирилган. Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг халқаро ва минтақавий механизмлари, халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари билан ҳамкорликни ривожлантириш борасида изчил ва тизимли иш олиб борилмоқда”.

Германиянинг мамлакатимиздаги Элчиси Тило Клиннер қайд этишича, “Қамоқхоналар аслида реабилитация ва ўзига хос тарбия муассасалари бўлиб, бу ерда инсонлар ўзлари содир этган қилмиши учун

жамият олдидаги масъулиятини адо этиш билан бир қаторда шахсий ривожланиш устида ҳам ишлаш имкониятига эга бўлишлари лозим. Аммо, афсуски, жазони ижро этиш муассасалари кўпинча зўравонлик содир этиладиган жойларга айланиб қолмоқда ва бундан заиф тоифа бўлмиш аёллар кўпроқ азият чекмоқда”.

Жазони ижро этиш муассасаларида қийноқларнинг олдини олишга қаратилган тадбирлар Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш департаменти ва ЕХҲТнинг мамлакатимиздаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси томонидан илгари ҳам бир неча бор ўтказилган. ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси вазифасини бажарувчи Сергей Сизов шу ҳақда фикр юритар экан, хусусан, 2021 йил 15-17 ноябрь кунлари аёллар ахлоқ тузатиш колониялари ходимлари учун “БМТнинг Маҳбус аёллар учун озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазо чораларини қўллашга тааллуқли қоидалари (Бангкок қоидалари)” мавзусида треиинг ўтказилганини эслатди.

ЕХҲТ/ДИИҲБ инсон ҳуқуқлари бўйича мутахассиси Изабела Силвия Хартманн “Хотин-қизлар ва эркаклар ҳуқуқларининг тенглиги ҳамда инсон ҳуқуқларига амал қилиниши – тинчлик, барқарор демократия, тараққиёт ва том маънодаги хавфсизлик, шунингдек, минтақада осойишталикка эришишнинг мутлақ гарови эканини эътироф этиш лозим”, деб таъкидлади.

Ўз навбатида, Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш департаменти бошқарма бошлиғи Жамшид Султонов айтганидек, “Инсон қадрини улуғлаш, инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини таъминлаш, инсон зотига нисбатан ҳар қандай зўравонликларга барҳам бериш Ўзбекистон Президенти олиб бораётган ислоҳотлар ғоясининг асоси ҳисобланади”.

Мамлакатимизда жорий йил 11 апрелида “Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Олий Мажлис Сенати Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси аъзоси Гулнора Маруфованинг фикрича, “Мазкур қонун билан хотин-қизларнинг ижтимоий-иқтисодий соҳадаги ҳуқуқ ва манфаатларини амалга оширишга оид қонунчилик изчил такомиллаштирилмоқда”.

Икки кунлик тренинг давомида иштирокчиларга Ўзбекистонда хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар, бу борадаги халқаро стандартлар, гендер тенглик тушунчаси, жазони ижро этиш муассасаларида қийноқларнинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар ҳақида атрофлича маълумотлар тақдим этилди. Алоҳида таклиф этилган халқаро экспертлар “гендерга асосланган зўравонлик” тушунчаси билан боғлиқ тажрибаларини сўзлаб берди. 

Семинар якунида озодликдан маҳрум этиш жойларида жинсий ва гендерга асосланган зўравонликнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш борасида ўзаро ҳамкорлик истиқболлари ҳамда имкониятлари муҳокама қилинди.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг