Валюта курслари 19/03/2025
$1 – 12935.68
UZS – -0.06%
€1 – 14164.57
UZS – 0.4%
₽1 – 158.80
UZS – 3.32%
Қидириш
Ўзбекистон 18/03/2025 Гендер тенгликка эришиш бўйича мақсадли вазифалар белгилаб олинди

Гендер тенгликка эришиш бўйича мақсадли вазифалар белгилаб олинди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Сенатнинг бешинчи ялпи мажлисида 2030 йилга қадар Ўзбекистон Республикасида гендер тенгликка эришиш стратегиясини 2025 йилда амалга ошириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастурини тасдиқлаш масаласи кўриб чиқилди.

Ялпи мажлисда гендер тенгликни таъминлаш, аёлларнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги ролини ошириш борасидаги ишлар юзасидан маълумот берилди.

Таъкидланганидек, ўтган вақт давомида хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлашга, хотин-қизларнинг иқтисодий ва ижтимоий шароитларини яхшилашга қаратилган 14 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди. 

Давлат бошқарув академияси томонидан давлат фуқаролик хизматчиларининг билим ва касбий кўникмаларини ривожлантириш қаратилган ўқув дастурлари доирасида 827 нафар хотин-қиз ўқитилди.   

Австрия, Чехия, Латвия, Туркия, Корея, Хитой ва Японияда 30 дан ортиқ раҳбар аёлларнинг турли йўналишда малакаси оширилди.

Хотин-қизларнинг сиёсий фаоллигини оширишга қаратилган “Сиёсатчи аёл”, “Ишбилармон аёл” кўрик-танловлари, “Депутат ва ёшлар”, “Сиёсатга марҳамат”, “Лидерлар онлайн мактаби”, “Мен муваффақиятли аёлман”, “Мен лидер аёлман”, “Мен депутат бўламан” мавзуларида сиёсий партиялар томонидан тадбирлар ўтказилди.

2024 йилда ўтказилган сайловлар натижасида хотин-қизлар улуши Сенатда қарийб 27 фоизга, Қонунчилик палатасида 38 фоизга, маҳаллий Кенгашларда 32,5 фоизга етди.

“Эл-юрт умиди” жамғармаси стипендиялар квотаси доирасида бакалавриат ва магистратура таълим йўналишига хотин-қизлар учун 30 тадан қўшимча ўрин ажратилди. Шунинг ҳисобидан 148 нафар хотин-қиз хорижий олий таълим ташкилотларида ўқиш учун Жамғарма стипендиясини қўлга киритди.

Бу борада олиб бораётган тизимли чора-тадбирлар халқаро ҳамжамият томонидан ҳам кенг эътироф этилди. Жаҳон банки индексида Ўзбекистон гендер тенглик соҳасида дунёдаги энг тез ривожланаётган 5 та мамлакат қаторида қайд этилди. Гендер тенглик ва бошқарув индексида (ГЕГИ) Ўзбекистон 51 та поғонага кўтарилиб, 52-ўринни эгаллади.

Шунингдек, ялпи мажлисда мақсадли кўрсаткичлар ижроси муддати ортда қолганлиги танқидий муҳокама қилиниб, тегишли вазирлик ва идораларга кўрсатмалар берилди.

Хотин-қизларнинг иқтисодий фаоллигини кенгайтириш, меҳнатга ҳақ тўлашда тафовутни камайтириш, хотин-қизларни юқори даромадли молия, ахборот-технологиялар соҳасига кенг жалб қилиш, давлат корхоналарининг ижро органлари, шу жумладан директорлар кенгаши ва кузатув кенгашларининг таркибида хотин-қизлар улушини ошириш, гендер тенгликни таъминлашга оид турли стереотипларнинг олдини олиш ва унга оид меъёрларни аҳоли орасида кенг тарғиб қилиш қамровини кенгайтириш зарурлиги айтиб ўтилди.

Ялпи мажлисда 2030 йилга қадар Ўзбекистон Республикасида гендер тенгликка эришиш стратегиясини 2025 йилда амалга ошириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури қабул қилинди.

Мазкур Дастурда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлашга қаратилган қонунчилик асосларини такомиллаштириш борасида халқаро стандартларини жорий қилиш, давлат хизматидаги хотин қизларнинг сиёсий-ҳуқуқий салоҳиятини ошириш, табиий фанлар, технологиялар, техник ижодкорлик, математика йўналишларида ўқишни истаган хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, хотин-қизларнинг илмий ва стартап ғояларини рўёбга чиқариш кўникмаларини шакллантириш, уларни илмий-инновацион фаолиятга кенг жалб этиш каби масалалар ўрин олди.

Сенаторлар дастур миллий ва халқаро мажбуриятларни бажаришга кўмаклашишга хизмат қилишини таъкидлаб, унда белгиланган вазифалар, тадбирларни ўз вақтида амалга ошириш ҳамда бу борадаги ишларни кучайтириш муҳимлиги юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.

Мазкур масала юзасидан Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг