Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йил 26 ноябрь куни Германия Федератив Республикасига ишчи ташрифи доирасида Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Вахабов Гамбург шаҳрида ўтказилган Ўзбекистон-Германия Иқтисодий палатаси расмий очилиш маросимида ва биринчи йиғилишида иштирок этди.
Палатанинг биринчи мажлисида яшил энергетика, озиқ-овқат саноати, логистика ва таълим соҳаларида фаолият юритувчи Германиянинг етакчи бизнес вакиллари иштирок этди ҳамда 20 дан ортиқ немис компаниялари палата аъзоси бўлиш истагини билдирди, бу эса Германия ҳамкорларининг Ўзбекистон билан қўшма лойиҳаларга бўлган катта қизиқишини намоён қилади.
Тадбир доирасида бир қатор ташаббуслар илгари сурилди. Жумладан, 2025 йил январь ойида Ўзбекистонда ташқи меҳнат миграцияси форумини ўтказиш. Форум доирасида Германияда меҳнат фаолияти ва амалиёт ўташ учун немис тилини яхши билувчи ўзбек мутахассисларини жалб қилиш кўзда тутилган. Форум кадрлар тайёрлаш ва касбий мобиллик соҳасидаги ҳамкорликни таъминлаш бўйича муҳим қадам бўлади.
Шунингдек, келаси йил Гамбургда Наврўз байрами нишонланишини ташкил этиш. Мазкур тадбирда Ўзбекистон-Германия иқтисодий палатаси ҳам ташкилотчи сифатида иштирок этади. Тадбир Ўзбекистоннинг маданияти, анъаналари ва туризм салоҳиятини Германия Федератив Республикасида тарғиб қилишга қаратилган.
Янги ташкил этилган тузилма икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, шунингдек, ишбилармон доираларнинг ўзаро манфаатларини илгари суриш учун самарали платформа бўлиб хизмат қилади.
Эслатиб ўтамиз, Палата ташкил этиш тўғрисидаги қарор 2023 йил сентябрь ойида қабул қилинган эди. Шу пайтда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва Гамбург Савдо-саноат палатаси ўртасида тегишли келишув имзоланиб, икки томонлама иқтисодий ҳамкорликнинг янги босқичига пойдевор қўйилди.