Валюта курслари 27/09/2024
$1 – 12736.48
UZS – -0.17%
€1 – 14193.53
UZS – -0.52%
₽1 – 137.60
UZS – -0.33%
Қидириш
Ўзбекистон 13/12/2017 Фуқароларнинг ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган янги марказ ташкил этилди
Фуқароларнинг ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган янги марказ ташкил этилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Бутун жаҳонда ҳар йили 10 декабрь куни нишонланадиган Халқаро инсон ҳуқуқлари кунига бағишлаб, Тошкент шаҳридаги «Яккабоғ» маҳалла фуқаролар йиғинида ташкил этилган аҳолига бепул юридик маслаҳатлар бериш бўйича ҳуқуқий марказнинг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда Бош прокуратура, Тошкент шаҳар ва Чилонзор тумани прокуратуралари масъул ходимлари, элчи – ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалар Мувофиқлаштирувчиси, маҳалла фуқаролар йиғинлари вакиллари иштирок этди.

Прокуратура органлари томонидан аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш, фуқаролар қабули жараёнида маслаҳатлар бериш, мурожаатларни ишонч телефонлари орқали қабул қилиш, шунингдек аҳолининг яшаш жойларида сайёр қабуллар ташкил этиш орқали аҳолига ўз ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини амалга оширишда амалий ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатиб келинаётганлиги таъкидланди.

Бунда бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш соҳасида фаолият юритувчи жамоат бирлашмалари билан ҳамкорлик муҳим аҳамиятга эга. Шу билан бирга, халқаро ташкилотлар билан яқиндан ҳамкорлик қилишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Жумладан, Бош прокуратура ва ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалар Мувофиқлаштирувчиси ҳамкорлигида амалга оширилаётган қўшма лойиҳанинг «Прокуратура органлари фаолиятининг очиқлигини такомиллаштириш ва жамоатчиликнинг ахборотдан фойдаланиш имкониятини кенгайтириш орқали жамиятда ҳуқуқий маданиятни ошириш» номли компонентини амалга ошириш доирасида юридик маслаҳатлар бериш бўйича ҳуқуқий марказ ташкил этилди.

Янги ташкил этилган марказнинг асосий вазифалари фуқаролар, биринчи навбатда ижтимоий ёрдамга муҳтож қатлам вакилларига бепул ҳуқуқий ёрдам олишда кўмак бериш, фуқароларнинг ўз ҳуқуқлари борасида ҳуқуқий хабардорлигини ошириш, янги қабул қилинган қонунларни аҳолига етказиш ҳамда амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардаги қоидалар ва уларни қўллаш амалиётини тушунтириш, маҳалла фуқаролар йиғинига амалий масалаларни ҳал этишда ҳуқуқий ёрдам кўрсатишдан иборат.

Марказ маҳалла фуқаролар йиғинидаги фуқаролик-ҳуқуқий масалалари, оила, меҳнат ва бошқа ҳуқуқий муносабатларга доир муаммолари бўлган яшовчиларга бепул юридик ёрдам кўрсатади.

Юридик ёрдам кўрсатиш фаолиятини ҳуқуқий маслаҳатчилар амалга ошириб, улар ҳуқуқий маслаҳатлар бериш билан бир қаторда, «Яккабоғ» маҳалла фуқаролар йиғини ҳамда унга туташ бошқа маҳалла фуқаролар йиғинлари аҳолисига ҳуқуқий тусдаги ҳужжатларни тузишда кўмак бериб борадилар.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг