Валюта курслари 28/11/2024
$1 – 12848.38
UZS – 0.22%
€1 – 13512.64
UZS – 0.31%
₽1 – 120.07
UZS – -1.79%
Қидириш
Ўзбекистон 15/03/2023 Фолькер Тюрк иштирокида Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилингани 75 йиллиги ҳамда Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Вена декларaцияси ва Ҳаракатлар дастурининг 30 йиллигига бағишланган тадбир Нукусдаги Савицкий музейида ўтказилди
Фолькер Тюрк иштирокида Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилингани 75 йиллиги ҳамда Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Вена декларaцияси ва Ҳаракатлар дастурининг 30 йиллигига бағишланган тадбир Нукусдаги Савицкий музейида ўтказилди

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Фолькер Тюрк бошчилигидаги делегация Ўзбекистонга ташрифининг иккинчи куни – 14 мартда Нукус шаҳрига сафар қилди. 

Сафар доирасида И.В.Савицкий номидаги Қорақалпоғистон давлат санъат музейида БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари иштирокида тадбир бўлиб ўтди. Тадбир Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганининг 75 йиллиги ҳамда Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Вена декларaцияси ва Ҳаракатлар дастурининг 30 йиллигига бағишланди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ва И.В.Савицкий номидаги Қорақалпоғистон давлат санъат музейи билан ҳамкорликда ўтказилган ушбу тадбир онлайн ва офлайн тарзда ташкил этилди. Унда Ўзбекистон ёшлари вакиллари, шу жумладан, қорақалпоғистонлик талабалар қатнашди.

Тадбирда БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Ф.Тюрк “Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси ва инсон ҳуқуқлари” мавзусида маъруза қилди. 

БМТ Бош Ассамблеясининг резолюциясига мувофиқ, 1948 йил 10 декабрда Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинган. Мазкур халқаро ҳужжат ҳар бир инсоннинг шахсий дахлсизлиги, мулк, эътиқод ва сўз эркинлиги, фуқаролик, давлат бошқарувида қатнашиш, сайлаш ва сайланиш, оила, меҳнат ва дам олиш, таълим, тиббий ва ижтимоий хизматлардан фойдаланиш, маданият ва санъат асарларидан баҳра олиш ҳуқуқларини ҳимоя қилади.

Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси эълон қилинганидан сўнг халқаро ҳамжамият инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини тан олди. Ўтган даврда жаҳон ҳамжамияти ушбу ҳуқуқ ва эркинликларга инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳуқуқ нормалари ва механизмлари орқали дунё миқёсида риоя этилишига кўмаклашмоқда. 

Тадбирда таъкидланганидек, жорий йил 10 декабрь куни Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 75 йиллиги кенг нишонланади. Декларация юбилейи арафасидаги глобал кўламли тадбирларга 2022 йил 10 декабрь – Халқаро инсон ҳуқуқлари куни старт берилди. 

БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармаси томонидан мазкур Декларациянинг 75 йиллигига бағишланган бир йиллик тарғибот кампанияси ўтказилмоқда. Бу жараёнда Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг ўтган даврдаги самарадорлиги, бугунги кундаги долзарблиги ва амалий хусусиятларини очиб беришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 

И.В.Савицкий номидаги Қорақалпоғистон давлат санъат музейида ташкил этилган тадбир айни глобал кампаниянинг узвий давомидир. Бутун дунёда, жумладан Ўзбекистонда ҳам 2022 йил 10 декабрь куни Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганининг 75 йиллигини нишонлаш кампанияси бошлаб юборилган.

Бу ўринда, аввало, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармаси билан ҳамкорликда 2022 йил 5-6 декабрь кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган «Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим» мавзусидаги Глобал форум ташкил этилганини таъкидлаш лозим. Чунки Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясида кафолатланган ҳуқуқлардан бири – таълим олиш ҳуқуқи – барча инсон ҳуқуқларидан фойдаланишга йўл очадиган бошланғич нуқтадир. 

Таълим олиш ҳуқуқи – инсон ҳуқуқлари бўйича таълимни ҳамда ушбу ҳуқуқларни ўрганиш, шунингдек, жамиятимизда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш усуллари, воситаларини ҳам ўз ичига олади. Инсон ҳуқуқлари бўйича таълим ва тарбия – бу инсон ҳаёти мобайнида давом этадиган ва турли ёшдагиларга тегишли бўлган жараёндир.

Шу маънода, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 7 февралдаги қарори билан Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастури тасдиқлангани муҳим аҳамиятга эга. Ушбу ҳужжат ижросини ўз вақтида, тўлиқ ва самарали ташкил қилиш доирасида жорий йил 20-28 февраль кунлари мамлакатимизнинг бутун ҳудудида “Инсон ҳуқуқлари ҳафталиги” ўтказилди.

Декларация инсонларнинг барчасига бирдек тегишли бўлган ҳуқуқларни ўз ичига олган бўлиб, шу кунгача дунёнинг 530 дан ортиқ тилига таржима қилинган. Бу ўринда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ташаббуси билан ушбу Декларация ўзбек ва қорақалпоқ тилларига таржима қилингани ва бир неча марта нашр этилиб, беғараз тарқатилганини қайд этиш лозим. 

Яқинда Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси ўзбек тилида (кирил ва лотин имлосида) ҳамда қорақалпоқ тилида алоҳида китобчалар шаклида яна нашр этилди. Бу ҳам инсоният тарихида илк бор инсоннинг асосий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш зарурлигини эълон қилган Декларация 75 йиллигига мўъжаз туҳфа ҳисобланади.

Тадбир якунида БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Ф.Тюрк талаба-ёшларнинг саволларига жавоб берди.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг