Валюта курслари 26/11/2024
$1 – 12814.78
UZS – -0.11%
€1 – 13442.70
UZS – 0.73%
₽1 – 123.50
UZS – -1.13%
Қидириш
Ўзбекистон 10/11/2023 Физика-техника институти 80 ёшда!
Физика-техника институти 80 ёшда!

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Жорий йил Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси (ЎзР ФА) ҳамда ЎзР ФА Физика-техника институтининг 80 йиллик юбилейи, ЎзР ФА Материалшунослик институтининг ташкил этилганлигининг 30 йиллиги нишонланмоқда. 

Куни кеча Ўзбекистон Фанлар академияси Физика-техника институти ва Материалшунослик институти ҳамкорлигида “Замонавий физиканинг фундаментал ва татбиқий муаммолари” мавзусида Халқаро конференция бўлиб ўтди. Конференция Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси (ЎзР ФА) ва ЎзР ФА Физика-техника институти ташкил топганлигининг 80 йиллигига, шунингдек, Фанлар академияси Материалшунослик институтининг 30 йиллик юбилейига бағишланди. 

Конференция замонавий физиканинг долзарб фундаментал ва амалий масалаларига оид кенг кўламли муаммоларга бағишланди. Конференция қуйидаги тадқиқот йўналишларини қамраб олди: ядро ва элементар заррачалар физикаси (жумладан, уларнинг амалий жиҳатлари, шунингдек, юқори энергиялар ва космик нурлар физикаси), яримўтказгичлар ва қаттиқ жисмлар физикаси (жумладан, уларнинг амалий жиҳатлари, шунингдек, плазма физикаси), қайта тикланувчи энергия манбалари, материалшунослик ва уларнинг қўлланилиши.

Конференция ташкилий қўмитасига жами 205 та илмий мақола, жумладан, Хитой, Россия, АҚШ, Қозоғистон, Туркия, Беларус, Тожикистон, Покистон, Канада ва Руминиядан хорижий олимларнинг 68 та илмий мақолалари келиб тушди. Конференциянинг уч куни давомида конференция ташкилий қўмитаси томонидан танлаб олинган 16 та ялпи маъруза ва 98 та секция маърузалари тақдимот қилинди. 

Конференция давомида ЎзР ФА Физика-техника институти ҳамда Покистоннинг Ваҳ университети ва Канаданинг Торонто метрополитан университетлари ўртасида илмий ҳамкорлик тўғрисидаги шартномалар имзоланди. Конференцияда ўзбекистонлик ҳамда ташриф буюрган 50дан ортиқ ҳорижий олимлар замонавий физиканинг долзарб йўналишларидаги энг охирги фундаментал ва амалий натижаларни муҳокама қилиб, ўзбекистонлик ҳамда ҳорижий олимлар ўртасида ядро физикаси ва ядро энергетикаси, водород энергетикаси, қайта тикланувчи энергия манбаалари асосидаги энергетик қурилмалар, яримўтказгичли қуёш элементлари ва турли ҳил яримўтказгичли датчиклар ҳамда ўта-ўтказувчан материалларни синтези мавзуларида фундаментал ҳамда амалий тадқиқотларни ҳамкорликда амалга ошириш тўғрисида келишиб олинди.

Жорий йилнинг сентябрь ойида Ўзбекистон Фанлар академияси Физика-техника институти йирик ҳалқаро BM@N (Нуклотрондаги барион материяси) коллаборациясига тўлақонли аъзо сифатида қабул қилинди. BM@N (Нуклотрондаги Барион Материяси) Россиянинг Бирлашган Ядро Тадқиқотлари Институтининг йирик “NICA-Нуклотрон” тезлатгич мажмуасида бошланган илк эксперимент ҳисобланади. BM@N экспериментининг асосий мақсади тезлатилган релятивистик оғир ионларнинг нишон ядролари билан тўқнашувларида ҳосил бўлган зич барион материянинг хоссаларини ўрганиш. Бундай зич барион материя хоссалари бўйича нейтрон юлдузларидаги зич материяга жуда яқиндир. BM@N ҳалқаро коллаборациясига жаҳоннинг 5 та давлатидан 13 та илмий ташкилот ҳамда универсистетлари аъзодирлар. Ўзбекистонлик олимларнинг бундай нуфузли ва йирик ҳалқаро экспериментларда иштирок этишлари жаҳонда Ўзбекистон фани нуфузини янада кўтарилишига ҳамда ўзбекистонлик ёш олимлар ва докторантларнинг ўз тадқиқот соҳаларида илғор замонавий билим, кўникма ва тажрибага эга бўлишларига имкон беради.

ОЛИМОВ ХУСНИДДИН ҚОСИМОВИЧ, Ўзбекистон Фанлар академияси Физика-техника институти директори, физика-математика фанлари доктори, профессор.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг