Мазкур тамойиллар асосида O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ва Ўзбекистон Фермерлари Кенгаши ҳамкорлигида Президентимизнинг 2016 йил 12 апрелдаги “Мева-сабзавот, картошка ва полиз маҳсулотларини харид қилиш ва улардан фойдаланиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорини тадбиркор ва фермерлар орасида тарғибот-ташвиқотига қаратилган ҳудудларда “Ўзбекистон фермерлари - дунё эътирофида” мавзуида амалий семинарлар ташкил этилмоқда.
Бухоро вилояти Ғиждувон туманидаги “Файз” фермер хўжалиги дала шийпонида Бухоро ва Навоий вилоятидаги мева-сабзавот ва полиз маҳсулотлари етиштиришга ихтисослашган фермер хўжаликлари, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш корхоналари раҳбарлари, қатор мутасадди ташкилот вакиллари ҳамда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари, экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ходимлари иштирокида ташкил этилган семинарда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, уларни экспорт қилиш, фермер хўжалиги раҳбарларининг касбий билим ва кўникмалари, ҳуқуқий саводхонлиги ва сиёсий фаоллигини ошириш, мустақиллик даврида қишлоқ хўжалиги соҳасида эришилган ютуқ ва қўлга киритилган натижалар асосида кўп тажрибага эга бўлган фермер ва тадбиркорларнинг тажрибаларини тарғиб қилиш ҳамда тажриба алмашиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Семинарда таъкидланганидек, қишлоқ хўжалиги соҳасидаги изчил ислоҳотлар натижасида фермер хўжаликлари аграр тармоқнинг етакчи кучига айланди. Биргина Бухоро вилоятида ўтган йили 1300 дан ортиқ кўп тармоқли фермер хўжаликлари шакллантирилиб, бугунги кунда жами 5273 та фермер хўжалиги фаолият кўрсатмоқда. 2016 йилда ҳам вилоятдаги 118 та фермер хўжалигида яна бир неча гектардан иборат боғ, токзорлар барпо этиш режалаштирилган. Шу тариқа 1223 та янги иш ўрни яратилиши кўзда тутилмоқда. Қолаверса, йўлга қўйилган сайи-ҳаракатлар натижасида вилоятда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлайдиган 11 та корхона, 15 минг тонна сиғимга эга бўлган 11 та совутиш камераси ташкил этилди ва модернизация қилинди. Натижада, мева-сабзавотларни сақлашнинг умумий қуввати 100 минг тоннага етказилди.
Шариф Маликов, Вобкент туманидаги “Шариф Маликов” фермер хўжалиги раҳбари:
—Бугунги кунда бизнинг фермер хўжалигимиз кўп тармоқли бўлиб, пахта, ғалладан ташқари мева-сабзавот ва полиз махсулотларини етиштириб келяпмиз. Меҳнатимиз самараси ўлароқ, етиштирган махсулотларимиз ҳали пишиб, етилмасданоқ ўз ҳаридорларига эга бўлмоқда. Ҳозирда 2 гектар ерга полиз экинлари, катта майдондаги пахта ва ғалла атрофларида ошқовоқлар экканмиз. Амалиёт билан уйғунликда ташкил этилган мазкур семинарда иштирок этиб, ўзим учун кўплаб янгиликларни кашф этдим. Айниқса, соҳа мутахассислари томонидан фермер хўжаликлари раҳбарларига мева-сабзавот етиштиришда илғор усул ва технологияларни қўллаш, етиштирилган маҳсулотларни экспорт қилиш бўйича тегишли маслаҳат ва тавсиялар берилиб, илғор фермерлар билан бевосита, ўзаро тажриба алмашганимиз бизлар учун жуда ҳам фойдали бўлди. Келгусида ўзимиз ишлаб чиқараётган маҳсулотларни қайта ишлашни ўз олдимга мақсад қилиб қўйдим.
Семинар иштирокчилари таъкидлаганидек, вилоятда бу каби ишларни самарали амалга оширилиши баробарида қишлоқларда қўшимча иш ўринлари яратилиши, фермерларнинг даромадлари ошиши ва ўз маҳаллаларини янада обод қилиш, ўз навбатида, шу турдаги маҳсулотлар экспортининг салмоқли даражада кенгайишига хизмат қилади.
Ўлмас Рахматов, Бухоро туманидаги “Гала –Ривер” қўшма корхонаси директорининг ўринбосари:
— Бизнинг қўшма корхонамиз мевани қайта ишлашга ихтисослашган бўлиб, ҳозирда маҳсулотларимизнинг 70-80 фоизи экспортга йўналтирилган. Маҳсулотларимизнинг сифати ва ҳаридоргирлигини ошириш, йил давомида мева ва сабзавотларнинг сарҳиллигини сақлаш мақсадида 400 тонна сиғимга эга бўлган музлаткични ишга тушириш арафасидамиз. Бугунги семинарда тайёр маҳсулотлар экспортини йўлга қўйиш ва бу ишларни амалга оширишда яқиндан ёрдам бериш учун ташкил этилган агрофирмалар фаолияти ҳамда қишлоқ хўжалиги махсулотларини қайт-ишлаш бўйича янгиликлар билан яқиндан танишдик. Шунингдек, Президентимиз қарорида белгилаб берилган солиқ, божхона имтиёзлари ҳамда деҳқон ва фермерларнинг маҳсулот етиштиришларида олдиндан маблағ ажратилиши борасида ҳам мутахассислар томонидан батафсил маълумотлар берилди.