Валюта курслари 25/11/2024
$1 – 12829.07
UZS – -0.12%
€1 – 13344.80
UZS – -1.21%
₽1 – 124.91
UZS – -1.92%
Қидириш
Иқтисод 05/10/2023 Фарҳод ГЭС – янги қувватлардаги барқарор электр энергия сари!
Фарҳод ГЭС – янги қувватлардаги барқарор электр энергия сари!

Мамлакатимиз энергетика тизими, хусусан, гидроэнергетика соҳаси тараққиёти йўлида жамиятимизнинг бутун тизими ўз йўналишлари доирасида йилдан йилга барқарор фаолият кўрсаткичларини таъминлашга ҳаракат қилмоқда.

Бу борада, «Ўзбекгидроэнерго» АЖ ҳам ўз фаолиятини тобора ривожлантириб, янги ГЭСларни қуриш ҳамда узоқ йиллардан буён фаолият юритаётган эски ГЭСларни янги қувватларда модернизация қилиш бўйича изчил чора-тадбирларни амалга оширмоқда.

Мамлакатимизнинг энг тарихий ва салоҳиятли, шу билан бирга, истиқболли ГЭСларидан бири бу – Фарҳод ГЭС ҳисобланади.

Бугун, 5 октябрь куни Фарҳод ГЭСнинг модернизациядан сўнг, янгиланган энергетик қувватда ишга туширилишига бағишланган тантанали тадбир ўтказилди.

Тадбирни «Ўзбекгидроэнерго» АЖ Бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Бекзод Амирсаидов табрик нутқи билан очиб берди.

Маросимда Сирдарё вилояти, Ширин шаҳар, Бекобод шаҳар ҳокимликлари раҳбарияти, Жамият тизим корхона ва ташкилотлари вакиллари, ҳамкор хорижий компаниялар масъуллари, гидроэнергетик муҳандислар ҳамда марказий ва ҳудудий телеканаллар, босма ва электрон ОАВ вакиллари иштирок этди.

Тадбир давомида савоб ишга қўл урилди. «Фарҳод ГЭС» унитар корхонасининг қўшимча даромадлари ҳисобидан эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш ва ушбу оилаларнинг болаларига қувонч улашиш мақсадида, корхона ишчи-ходимларининг ҳамда ГЭСга яқин жойлашган маҳаллаларда истиқомат қилувчи оилаларнинг 11 нафар фарзандларига суннат тўйи маросими ўтказиб берилди. Болажонларга корхона томонидан велосипед ҳамда телевизорлар эсдалик совғалари сифатида тақдим этилди. Болажонларнинг кўзларидан порлаган қувонч базмга янада файз берди.

Маълумот учун:

Иккинчи жаҳон урушининг энг оғир даврига қарамасдан, Давлат мудофаа қўмитасининг 1942 йил 18 ноябрдаги қарори билан Сирдарё дарёсида 1943 йил 10 февралида Фарҳод гидроэлектр станцияси қурилиши бошлаб юборилди. Ушбу кун ГЭС қурилишининг оммавий бошланиши куни ҳисобланади. Мазкур ГЭС оммавий ҳашар йўли билан қурилган бўлиб, ҳашарга Фарғона, Наманган, Самарқанд, Бухоро, Андижон ва Тошкент вилоятларидан жами 60 мингдан ортиқ киши жалб этилди.

ГЭС қурилишининг биринчи босқичи натижаси ўлароқ, 1948 йил 15 февралда ГЭСнинг 3- ва 4-агрегатлари ишга туширилди, Тошкент ва Чирчиқ шаҳарларига икки линия бўйлаб 110 кВ саноат токи узатилди.

Иккинчи босқич якунида 1949 йил 5 апрелда 1-агрегат ва шу йилнинг 30 июнида 2-агрегат ҳам ишга туширилди.

1951 йил 3 июль куни ГЭС тўлиқ эксплуатация учун қабул қилинди.

Ушбу ГЭСнинг ишга туширилиши билан, мамлакатнинг электр, кимё, металлургия, кўмир ва саноатнинг бошқа соҳаларини ривожлантиришга кенг имкониятлар яратилди.

Бу ютуқнинг яна бир муҳим аҳамиятли томони шундаки, мазкур улкан ишнинг асосий қисми Мирзачўлнинг қаттиқ иқлим шароитида ва Иккинчи жаҳон урушининг оғир йилларида бажарилди.

1960 йил май ва август ойларида эскирган 1- ва 2-сонли немис агрегатлари 30 минг кВтгача кучлироқ янги ЛМЗ қурилмалари билан алмаштирилди.

Айтиш жоизки, ГЭСнинг ўрнатилган қуввати 126 минг кВт бўлган.

Замонавий босқичда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 18 майдаги «Ўзбекгидроэнерго акциядорлик жамиятини ташкил этиш тўғрисида»ги 5044-сонли Фармонига мувофиқ «Фарҳод ГЭС» унитар корхонаси «Ўзбекгидроэнерго» АЖ таркибига кирди.

Узоқ йиллар давомида (қарийб 70-75 йил) доимий эксплуатация қилиниши туфайли ГЭСдаги кўплаб ускуналар жисмоний ва маънавий эскирганлигини ҳисобга олиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 2 майдаги «2017-2021 йилларда гидроэнергетикани янада ривожлантириш чора тадбирлари дастури тўғрисида»ги ПҚ-2947-сон Қарори ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 16 октябрдаги «Сирдарё вилоятининг Ширин шаҳридаги «Фарҳод ГЭС» УКни модернизация қилиш» инвестиция лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 827-сонли Қарорига асосан ГЭСни модернизация ва қайта техник жиҳозлаш ишлари амалга оширилди.

Модернизация ишлари «Ўзбекгидроэнерго» АЖнинг ўз маблағлари 13,05 млн. евро ҳамда Россия Федерациясининг «ВЭБ» банки кредити – 45,22 млн. евро (2,35%ли ставкаси) ҳисобидан амалга оширилди.

Мавжуд қувватни 104 МВтдан 128 МВтга ошириш, жисмонан ва маънан эскирган жиҳозларни жаҳон миқиёсидаги янги ва синалган қурилмаларга алмаштириш, ускуналарни узлуксиз жорий ва мукаммал таъмирлашга чиқаришни камайтириш, агрегатларнинг фойдаланиш муддатини 40 йилга узайтириш ва ҳар бир м3 сув сарфидан самарали фойдаланиш, мукаммал таъмирлашларни камайтириш, электр энергия таннархини пасайтириш.

Модернизация лойиҳасида бош пудратчи ташкилот сифатида «Силовые машины» АЖ (РФ) қатнашди.

Субпудратчи ташкилот «Энергоресурс» ҚК (ЎзР. ва РФ).

Шартнома «якуний топшириш» (под ключ) шартига кўра лойиҳа икки босқичда амалга оширилди:

1-босқич – 2019-2020 йилларда – 3- ва 1-гидроагрегатлар;

2-босқич – 2021-2022 йилларда – 4- ва 2-гидроагрегатлар.

Дастлаб, модернизациядан олдин 1- ва 2-гидроагрегатларнинг номинал қуввати 30 МВтдан, 3- ва 4-гидроагрегатларнинг номинал қуввати 33 МВтдан бўлган. Мазкур қурилмаларнинг эскирганлиги сабабли мавжуд қувват (1- ва 2-гидроагрегатлар 22 МВтдан, 3- ва 4-гидроагрегатлар 30 МВтдан) жами 104 МВтга тенг бўлган.

Агрегатларга сув сарфи ҳам 115 м3 (1,2) ва 125 м3 (3,4) миқдорда сарфланиб, техник-иқтисодий жиҳатдан самарадорлик пасайишига олиб келган.

Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда модернизация ишлари тўлиқ якунига етган бўлиб, 1- ва 2-гидроагрегатларнинг номинал қуввати 30,82 МВтга, 3- ва 4-гидроагрегатларники эса 33,3 МВтга етказилиб, жами 128,2 МВтга етди.

Агрегатларга сув сарфи ҳам 107,3 м3 (1,2) ва 113 м3 (3,4) миқдорда сарфланиб, техник-иқтисодий жиҳатдан самарадорлик кўрсаткичларининг ўсишига хизмат қилмоқда.

Модернизация давомида ОТҚ-110/35 кВ коммутация қурилмаларидан мойли ўчиргичлар замонавий элегазли ўчиргичлар билан алмаштирилди. Қайд этиш лозимки, аввалги мойли ўчиргичлар ёнғин ва портлашларга олиб келганлиги сабабли, эксплуатация харажатларини ошишига олиб келган. Элегазли ўчиргичлар эса 1 кВдан юқори ҳар қандай кучланишларда ишлаши, ўчириш-ёқиш пайтида содир бўладиган ёйсимон оловнинг ёпиқ ҳажмда, очиқ ҳавога зарарсиз ўчирилиши, нисбатан кичик вазн ва ҳажмга эгалиги, ёнғин-портлаш хавфининг йўқлиги, тез ишлаши, юқори ўчириш қобилияти, контактларининг кам емирилиши туфайли узоқ ишлаши, овозсиз ишлаши, очиқ ва ёпиқ қурилмаларда ўрнатилиш имконияти, хавфсиз эксплуатацияси ҳамда ускуналарни ишончли ишлашини таъминлаши туфайли самарали ҳисобланади.

Модернизация ишлари давомида ГЭСнинг эски 1- ва 2-агрегатлари янгисига (100 %) алмаштирилди, 3- ва 4-агрегатлари эса тўлиқ модернизация қилинди. Модернизация жараёнида «Силовые машины» АЖ томонидан Россиянинг Ленинград металлургия заводи томонидан ишлаб чиқарилган ва қайта модернизация қилинган турбина ва генераторлар ўрнатилиб, эксплуатацияга топширилди.

Таъкидлаш жоизки, янги агрегатларнинг эскиларидан асосий фарқи ҳар бир кВт учун сувнинг камроқ сарфланиши, бошқарув ва автоматик тизимининг замонавийлиги, узоқроқ муддатларда ишлаб, эксплуатация харажатларини камайтиришга хизмат қилиши, ва энг асосийси, хавфсиз ҳамда ишончли ишлашидир.

Агар солиштирадиган бўлсак, эски трансформаторларда меъёр бўйича умумий 180 тонна атрофида мой сиғими бўлган бўлса, янги трансформаторлар умумий 120 тонна атрофида мой сиғимига эга. Эски трансформаторларда сизиб чиқишлар туфайли ҳар йили мой йўқотилиши ўрнини қоплаш учун қўшимча мой қуйилган. Янги трансформаторларда эса мой сизиб чиқиб, йўқотилиш ҳолатлари йўқ.

Мой сарфини тежамкорлиги ва таъмирлашларни камайиши ҳам эски трансформаторларга нисбатан янги трансформаторларни техник-иқтисодий жиҳатдан самарадор эканлигини кўрсатади.

Корхонада энергетика қурилмаларининг янгиланиши ҳисобига уларнинг хизмат қилиш муддати камида 40 йилга узайиши кутилмоқда. Бу эса, модернизациядан сўнг ўртача йилига 531,2 млн. кВт.соат электр энергия ишлаб чиқариш имконини беради. Бу, ўз навбатида, бугунги кунда йилига 167,3 млрд. сўмлик энергия манбаи деганидир.

Бугунги кунда, Янги Ўзбекистон гидроэнергетика тизимида «Фарҳод ГЭС» ўзига хос салоҳиятли ўринни эгаллаб, электр энергия ишлаб чиқариш, ёш мутахассисларни тайёрлаш ҳамда малакасини ошириш борасида тизимдаги илғор ГЭСлар қаторида эътироф этилмоқда.

Мамлакатимиз гидроэнергетика соҳасининг изчил тараққиёти электр энергияси ишлаб чиқариш қувватларини ошириш билан бирга, янги ГЭСлар қурилаётган, модернизация қилинаётган гидротехник иншоотлар жойлашган ҳудудлар ижтимоий-иқтисодий ривожланиши, аҳоли турмуш фаровонлигининг ошиши, хонадонлар ободлиги ва нурафшонлиги, энг муҳими, Янги Ўзбекистон иқтисодиётининг янада тараққий этишига муҳим ҳисса қўшади.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг